Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига шарҳ эълон қилинди.

Экин майдонлари хатланади, кўп тармоқли фермер хўжаликлари тузилади

Мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва аҳолининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, уларнинг ер майдонларидан самарали фойдаланиш масаласи алоҳида ўрин тутади.

Шу сабабли ўтган давр мобайнида фермерлик ҳаракати, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш каби йўналишларда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъектларга айланди.

Ўтказилган ислоҳотлар туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизидан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер майдонларида етиштирилишига эришилди.

Айни вақтда амалга оширилган ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ушбу соҳада эришилган ютуқлар билан бирга ўз ечимини кутиб турган қатор муаммо ва камчиликлар ҳам тўпланиб қолган.

Бундан беш йил олдин ташкил этилган Ўзбекистон фермерлари кенгаши фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш юзасидан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни етарли даражада бажара олмади.

Аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада қолмоқда. Айрим ер эгалари ушбу майдонлардан узоқ йиллар фойдаланмай, қаровсиз ҳолда қолдирган бўлса-да, уларнинг ерга нисбатан муносабатини ўзгартириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмаётир.

Фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари ҳамда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати лозим даражада ўрнатилмаган.

Фермер хўжаликларининг қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулотларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш каби кўп тармоқли фаолиятини йўлга қўйишда, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини моддий-техника ресурслари билан таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатишда, соҳада бозор механизмларини шакллантиришда ҳам муаммолар мавжуд.