Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжат ҳар йилги анъанавий очиқ мулоқот ҳамда уни ташкил этиш доирасидаги учрашувларда тадбиркорлардан келиб тушган қарийб 14 минг мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларни ҳал қилишга қаратилган.

Фармонга кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар қандай текширишга уч йиллик мораторий эълон қилинади. Бироқ жиноят иши доирасидаги, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши бўйича, шунингдек, фуқаролар мурожаатлари, ҚҚСни қоплаш (қайтариш) ҳамда тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно.

Мораторий даврида кичик бизнес фаолиятини белгиланган истиснолардан ташқари текшириш ноқонуний ҳисобланади ва бунга йўл қўйган шахслар жавобгарликка тортилади.

Бизнес-омбудсман томонидан эса «Самарали назорат» тадбири ўтказилиб, назорат органларининг сўнгги уч йилдаги текширув материаллари ўрганилади. Ноқонуний текширувлар аниқланган тақдирда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади.

«Биринчи хато учун — огоҳлантириш»

2027 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларига молиявий жарима қўллашда «Биринчи хато учун — огоҳлантириш» қоидаси жорий қилинади.

Унга кўра, қоидани биринчи марта бузган, бироқ фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ёки ўзгалар мулкига зарар етказмаган тадбиркорга дарҳол жарима солинмайди. Аввало унга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун вақт берилади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектида бир йил давомида ҳар қандай такрорий текширувни ўтказиш учун Бизнес-омбудсман рухсатини олиш талаб қилинади. Камерал солиқ текширувлари бундан мустасно.

Тадбиркорларга «Иккинчи имкон» берилади

Фармон билан 2026 йил 31 декабрга қадар кичик ва ўрта бизнес учун «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси ҳам эълон қилинди.

Унга кўра, амнистия эълон қилингунга қадар юзага келган солиқ қарзи 2026 йил охиригача тўлиқ тўланса, ушбу қарз бўйича ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади ва у билан боғлиқ ижро ишлари тугатилади.

Шунингдек, тадбиркор аввал топширган солиқ ҳисоботига мустақил равишда тузатиш киритиб, қўшимча ҳисобланган солиқни йил охиригача тўлиқ тўласа, ушбу суммага пеня ҳисобланмайди.