Фармонга кўра, 2027 йил 1 июлдан умумюрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга, юрисдикция ҳудуди бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб оладиган ҳудудлараро судлар ташкил этилади. Улар учун жами 319 та бошқарув ходими штат бирлиги ажратилади.

Шунингдек, 2027–2030 йилларда аҳоли сони, ишлар ҳажми, судьяларнинг иш юкламаси ва ҳудудий хусусиятлардан келиб чиқиб, барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Жиноят процессида ҳам суд назорати кучайтирилади. 2027 йил 1 июлдан тергов судьяларига шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини текшириш ваколатларини бериш таклиф этилган.

Фармонда яна:

  • «Прецедентлар» реестрини жорий этиш;

  • судлар фаолияти очиқлигини ошириш;

  • суд биноларида «ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларини ташкил этиш;

  • my.sud.uz порталини такомиллаштириш ва унинг янгиланган мобил иловасини ишга тушириш;

  • 2028 йилдан иқтисодий ишлар бўйича «проактив бошқарув» стандартини жорий этиш;

  • жузъий камчиликлар туфайли аризани қайтариш амалиётини ислоҳ қилиш;

  • 2028 йил 1 январдан суд маъмурчилиги институтини жорий этиш;

  • ҳар йили Ўзбекистонда одил судлов сифати индексини эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Фармоннинг мақсади — инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишни кучайтириш, судларнинг мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, судга мурожаат қилишни соддалаштириш ҳамда одил судлов сифатини ошириш экани таъкидланган.