Бу президентнинг 2026 йил 22 сентябрдаги «Ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–202-сон фармонида белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ, энергетикада давлат бошқаруви ва хусусий сектор фаолияти чегаралари аниқ белгиланади. Энергетика вазирлигининг тармоқ корхоналари ва истеъмолчиларга шартномавий, хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа хўжалик муносабатлари бўйича индивидуал тусдаги рухсатномалар бериш амалиёти бекор қилинади.

Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигига электр энергияси билан бир қаторда табиий ва суюлтирилган газ таъминотида ҳам бозор тамойилларини босқичма-босқич шакллантириш ва тартибга солиш вазифалари юклатилди.

Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятида қоидабузарликларнинг олдини олиш, профилактика ва хавфларни эрта аниқлашга қаратилган назорат модели қўлланади.

2050 йилгача энергия таъминоти режалаштирилади

Фармонда 2026 йил якунига қадар истеъмолчиларни 2050 йилгача ёнилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш концепциясини тасдиқлашга оид ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган. Концепция тасдиқланганидан сўнг эълон қилинади ва ҳар беш йилда янгилаб борилади.

Унда аҳоли сонидаги ўзгаришлар, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг узоқ муддатли эҳтиёжлари ҳисобга олинади. Шунингдек, қайта тикланувчи энергия, энергия сақлаш тизимлари ва атом энергетикасини ривожлантириш истиқболлари қамраб олинади.

Бундан ташқари, энергия ресурсларига талабнинг уч йиллик прогнозлари, истеъмолчиларни таъминлаш бўйича уч йиллик ривожлантириш режаси ва истиқболли инвестиция лойиҳаларининг уч йиллик режаси ишлаб чиқилиб, ҳар йили янгиланади.

Инвестиция лойиҳалари учун очиқ танловлар

Инвестиция режасидаги лойиҳаларнинг танлов ҳужжатлари очиқ эълон қилинади. Лойиҳани амалга оширувчи танлов асосида аниқланади, зарур ер участкалари эса қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилади.

Инвесторлар билан тўғридан тўғри музокара олиб бориш, лойиҳалар доирасида индивидуал имтиёз ва преференциялар бериш ҳамда режага киритилмаган лойиҳаларни бошлаш қатъий тақиқланади.