Бу президент фармонида белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, бошқарув, ижтимоий-маданий ёки тижоратчиликдан иборат бўлмаган бошқа вазифаларни амалга оширадиган давлат муассасалари бундан мустасно бўлади. Қолган тижорат фаолияти билан шуғулланувчи давлат муассасалари 2026 йил 1 декабрга қадар хўжалик жамиятларига айлантирилиши керак.
Бундан ташқари, рақобат муҳити шаклланган соҳаларда Давлат бюджетидан молиялаштириш манбасига эга бўлмаган давлат муассасаларини ташкил этиш тақиқланади. Мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ муассасалар ҳамда Президент қарорларида алоҳида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
Давлат иштирокидаги корхоналар тизимида муассаса шаклида фаолият юритаётган носоҳавий ташкилотлар ҳам корхоналар таркибидан чиқарилади. Улар хўжалик жамиятларига айлантирилиб, оммавий савдоларга қўйилади.
Фармон билан хусусийлаштириш жараёнларига оид яна бир тартиб белгиланган. Агар хусусийлаштириш субъектига тегишли ер участкасининг бир қисми йўл ёки муҳандислик-коммуникация тармоқларининг муҳофаза зонасига тушса, ернинг муҳофаза зонасидан ташқарида жойлашган қисмини хусусийлаштиришга рухсат берилади.
Шунингдек, давлат улуши мавжуд тижорат банклари туманларда тадбиркорларга сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда «лойиҳалар фабрикаси» тамойили асосида янги лойиҳалар таклиф қилади. Бунда лойиҳаларни, биринчи навбатда, савдога қўйилган давлат мулки объектлари ва ер участкалари негизида амалга ошириш назарда тутилган.
Яна бир ўзгариш 2026 йил 1 октябрдан кучга киради. Шу санадан устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, уларнинг улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахсларга тегишли қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.
















