Ўзбекистон | 09:50 / 20.10.2017
17114
3 дақиқада ўқилади

Москвада жорий йилда Ўзбекистон фуқароларига барча патентларнинг қарийб ярми берилди

Москвада жорий йилнинг тўққиз ойи давомида меҳнат мигрантларига 323 минг патентлар берилди, дея айтиб ўтди иқтисодий сиёсат ва ривожланиш департаменти раҳбари Владимир Ефимов РБК’га.

«Сахароводаги кўп функционал миграция маркази 2017 йилнинг тўққиз ойи давомида 323 минг патентларни берди – бу ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 10 фоизга кўп. Ҳар йили мигрантларга тахминан 400 минг патентлар берилади. Мурожаатларнинг 50 фоиздан ортиғи аввал патентни расмийлаштирганлар ҳиссасига тўғри келади», - дея маълум қилди Ефимов.

Амалдорнинг сўзларига кўра, патентларнинг 46 фоизи Ўзбекистон фуқаролари томонидан олинган, 32 фоизи – Тожикистон фуқаролари. Кейинги ўринлардан Украина (12 фоиз), Молдова (7 фоиз) ва Озарбойжон (3 фоиз) фуқаролари жой олишган. Украинанинг Евроиттифоққа визасиз бориш ҳуқуқи берилганидан сўнг патент учун мурожаат қилувчи фуқаролари сони камаймади, дея иддао қилган Ефимов. «Жорий йилнинг тўққиз ойида украиналикларга қарийб 44 минг патентлар берилди, бу ўтган йилдаги кўрсаткичлар билан тенг. Патент олиш учун мурожаат қилган барча мигрантлар орасидаги украиналиклар улуши Ўзбекистон ва Тожикистондан мигрантлар сони ўсиши ҳисобидан бироз пасайган», - дея хулоса қилган амалдор.

Москвада жорий йилнинг илк уч ойи давомида мигрантларга 85 минг патентлар берилди – бу 2016 йилнинг биринчи чорагидан 21 фоизга кўп, дея хабар берганди «Интерфакс». Биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ўсиш 10 фоизни ташкил қилди.

2015 йилдан бошлаб Россияга ишлаш учун визасиз келувчи барча хорижликлар меҳнат фаолияти учун патент олишлари керак. Москвада унинг нархи ойига 4,2 минг рубль (72 доллар)ни ташкил қилади. Мигрант рухсат олиши учун бармоқ изларини топшириши, тиббий текширувдан ўтиши ва рус тили, Россия тарихи ҳамда қонунчилигини билиши бўйича тест топшириши керак. Патентни расмийлаштириш бўйича барча хизматлар нархи камида 11,4 минг рублни ($198) ташкил этади, дейилади Сахароводаги марказ сайтида. Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон фуқароларига патентлар керак эмас, сабаби бу давлатлар Божхона иттифоқига киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид