2027 йил 1 январдан бошлаб, Россияда бирга яшаётган вояга етмаган фарзандлари бўлган меҳнат мигрантлари патент учун кўпроқ ҳақ тўлайди. Бу ҳақда ИИВ раҳбари Владимир Колокольцев Федерация Кенгашидаги чиқишида маълум қилди, деб хабар берди «Интерфакс». Тегишли қонун 2026 йил 26 июлда имзоланган.
Гап янги солиқ жорий этилиши ҳақида эмас, балки чет эллик фуқаро патент учун тўлайдиган ЖШОДС (НДФЛ) бўйича амалдаги қатъий белгиланган аванс тўлови миқдорини ошириш ҳақида бормоқда. Меҳнат мигранти қарамоғидаги ҳар бир вояга етмаган бола учун тўлов 50 фоизга ошади. «Klerk.ru» нашрининг қайд этишича, бошқа қарамоғидагилар учун ҳам худди шундай устама назарда тутилган. Агар болани бир вақтнинг ўзида бир нечта чет эллик таъминлаб келаётган бўлса, қўшимча тўловни уларнинг ўзаро келишуви танловига кўра фақат бириси тўлайди.
Ҳозир тўлов миқдори қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: 1 200 рубль × дефлятор коэффициенти × ҳудудий коэффициент. 2026 йилда Москвада бу кўрсаткич ойига 10 000 рублни ташкил этади. Агар ушбу ставкаларга асосланилса, бир бола учун устама тўлов ойига тахминан 5 000 рублни, икки бола учун эса тахминан 10 000 рублни ташкил қилади. 2027 йил учун якуний суммалар дефлятор ва ҳудудий коэффициентлар тасдиқлангач маълум бўлади.
Қонун чет элликларнинг бошқа тоифалари учун ҳам қоидаларни ўзгартирмоқда. Жисмоний шахслар қўлида ишлайдиганлар, жумладан энагалар ва қарияларга қаровчилар ҳам қатъий белгиланган аванс тўлай бошлайди. Улар учун базавий ставка ойига 1700 рублни ташкил этади. Ташкилотларда, ЯТТ, нотариус ва адвокатлар ҳузурида патент асосида ишловчилар учун эса база аввалгидек 1 200 рубль даражасида қолади.
Патент бекор қилинган тақдирда, мигрант 15 кун ичида фарзандлари билан бирга Россияни тарк этиши шарт бўлади.
Колокольцев статистик маълумотларни ҳам келтириб ўтди. 2025 йилдан буён мигрантларнинг ишламайдиган ва ўқимайдиган оила аъзолари сони 20 фоизга камайган. Ўтган йили хорижлик ишчилар патентлар учун бюджетга 172 миллиард рубль ўтказган бўлиб, бу бир йил олдинги кўрсаткичдан 39 фоизга кўпдир. Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу янги чора ижтимоий соҳага тушаётган юкламани камайтиришга хизмат қилади.













