Эълон қилинган рендерга қараганда, меъморий концепция «Женга» стол ўйинига хос кўринишни сақлаб қолган: минора бир-бирига нисбатан силжитиб жойлаштирилган қисмлардан ташкил топади. Улар орасида очиқ террасалар бўлади.
Лойиҳада умумий майдони 225,4 минг квадрат метр бўлган элит тураржой мажмуасини қуриш кўзда тутилган. Бинода ер устида 95 та, ер остида эса бешта қават бўлиши режалаштирилган. Унда 1018 та хонадон жойлашади. Хонадонларнинг тахминан учдан бир қисми шахсий террасага эга бўлади.
Аҳоли учун ривожланган инфратузилма ҳам кўзда тутилган: бассейн ва спа ҳудудига эга премиум фитнес-клуб, ёпиқ клуб ҳудудлари ҳамда юқори қаватларда панорамали манзаралар очиладиган ресторанлар барпо этилади.
Тураржой мажмуасидан боғ ва савдо галереялари бўлган жамоат сайр ҳудудига бевосита чиқиш мумкин бўлади. У ҳудуд аҳолиси учун янги жозибадор масканга айланиши кўзда тутилган.
Осмонўпар бино қурилишига рухсатни Мосгосстройнадзор октябрь ойининг ўрталарида берган. Тайёргарлик босқичи аллақачон бошланган: ҳозир қурилиш майдонида пойдевор қозиқлари синовдан ўтказилмоқда. Лойиҳа амалга оширилгач, у Европанинг энг баланд тураржой биноси бўлади.
Ҳозир Европанинг энг баланд биноси Санкт-Петербургдаги «Лахта Центр» ҳисобланади — унинг баландлиги 462 метрга етади. Шу билан бирга, Россия Главгосэкспертизаси август ойида «Лахта Центр – 2» лойиҳа ҳужжатлари бўйича ижобий хулоса берган. Мажмуанинг иккинчи минораси баландлиги 703 метр бўлиши режалаштирилган.













