Ўзбекистон | 15:53 / 24.10.2017
14223
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ: Ўзбекистонда тиббий хизмат ҳамёнбоп бўлиши керак

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Ўзбекистонда тиббий хизмат ҳамёнбоп бўлиши керак, яъни беморлар даволанишда қийинчиликка дуч келмаслиги керак. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси раҳбари  Лианне Куппенс Халқаро Пресс-клуб минбарида шундай баёнот билан чиқди. Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди.

Лианне Куппенс Ўзбекистонда оналар ва болалар соғлиғи, вакциналар, юқумли касалликларга берилаётган эътиборни алоҳида қайд этган ҳолда юқумсиз касалликлар эътибордан четда қолаётганини таъкидлади.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда юқумли касалликларга чалинаётганлар сони камайган, бироқ юқумсиз касалликлар билан касалланганлар сони ошган.

Куппенс мамлакатимизда шу кунга қадар соғлиқни сақлаш соҳасида қилинаётган ишларни ижобий баҳолаб, олдинда бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўп эканини қайд этди.

Бундан ташқари, Лианне Куппенс соҳада янада кенгроқ қамров зарурлигини алоҳида таъкидлади:

"Идоралараро ҳамкорлик керак, бу йўналишдаги ишларга барча вазирликларни жалб қилиш лозим, бу масалаларни ҳал қилишда ИИВ, прокуратура - барча-барчаси муҳим. Ўзбекистонда қандай янги дастур амалга оширилмасин, тизим ва барқарорлик зарур. Ҳатто республиканинг чекка ҳудудларида ҳам шундай тизимларни йўлга қўйиш керак. Буларнинг барчаси учун эса фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги эмас, барча вазирликлар иштироки муҳим аҳамиятга эга".

Куппенс хоним нутқи якунида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида ҳеч бўлмаганда 5 йиллик Миллий дастур ишлаб чиқиш таклифини киритди.

Мавзуга оид