Жаҳон | 01:17 / 25.10.2017
5077
2 дақиқада ўқилади

Гонолулуда кўчани кесиб ўтиш вақтида телефондан фойдаланганлик жазоланади

Фото: motor.ru

АҚШнинг Гавайи штати пойтахти Гонолулуда кўчани кесиб ўтиш вақтида телефондан фойдаланувчи пиёдаларга жарима жорий қилинди. Биринчи шундай қоидабузарлик учун жарима 15 доллардан 35 долларгачани, иккинчиси эса 36 доллардан 75 долларгачани, учинчиси эса 75 доллардан 99 долларгачани ташкил қилади, деб хабар бермоқда New York Times нашри.

Янги қонун 24 октябрда кучга кирди. Шу ондан Гонолулу пиёдаларга нисбатан бундай жазо киритилган дунёдаги илк шаҳар бўлди. Шаҳар кенгаши аъзоси Брэндон Элефантенинг айтишича, "бу ҳолат йўллардаги хавфсизликни яхшиловчи муҳим ҳодисадир".

Янги жазо турининг киритилишига 2016 йилда пиёдалар ўлимининг 10 фоизга ошиши сабаб бўлди. NY Times’нинг хабар беришича, бу қиймат 1990 йилдан бери энг юқориси бўлди. Шунингдек таъкидланишича, смартфондан фойдаланувчи пиёдалар 4 марта кўпроқ қоида бузадилар ва уларга йўлни кесиб ўтиш учун 18 фоиз кўпроқ вақт талаб этилади.

Дарвоқе, Тошкентда ҳам ЙҲХБ ходимлари йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтувчи пиёдаларни фаол равишда жаримага тортишни бошлашди. Қайд этилишича, бундай қоидабузар пиёдаларга йўл ҳаракати қоидаларининг 19-банди бўйича энг кам ойлик иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима қўлланилмоқда (49 925 сўм).

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид