Ўзбекистон аэропортларидаги божхона органлари хориждан олиб кирилаётган смартфонлар ва уларнинг IMEI-кодлари устидан назоратни кучайтирди. Бу ҳақда интернетда тарқалган миш-мишларнинг муайян қисмини Kun.uz манбаси тасдиқлади.

Маълум бўлишича, янги тартиб доирасида қиймати 1 000 доллардан юқори бўлган смартфонлар хориждан олиб киришда божхона органи томонидан олиб қолиниб, қурилманинг IMEI коди сохталаштирилмаганини тасдиқлаш учун қўшимча экспертизага юборилади. Текширув 30 кунгача давом этиши мумкин.

Айни пайтда бу тартиб қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида қабул қилингани номаълум бўлиб қолмоқда.

Ижтимоий тармоқларда IMEI кодларнинг ҳақиқийлигини текшириш амалиёти 6 ноябрдан бошлангани айтилмоқда. Эътиборлиси, бундан бир кун олдин – 5 ноябрда Божхона қўмитасида шу масала юзасидан йиғилиш бўлиб ўтган. Қўмита матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда IMEI-кодларни қалбакилаштириш, клонлаштириш ва бошқа қурилмаларга тегишли кодлардан ноқонуний фойдаланиш каби ҳолатлар муҳокама қилинган ва назорат механизмларини кучайтириш кераклиги таъкидланган.

Божхона қўмитасидаги йиғилишда қўмита раисининг биринчи ўринбосари Ғайрат Носиров, қўмита вакиллари ҳамда Рақамли технологиялар вазирлигининг Телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази масъуллари иштирок этган. / Фото: Божхона қўмитаси матбуот хизмати

Божхона қўмитаси матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан масала юзасидан расмий изоҳ тайёрланаётганини маълум қилди. Таҳририят эрталаб йўллаган сўровига оқшомга қадар жавоб ололмади.

Kun.uz'нинг божхона тизимидаги манбаси эса IMEI-кодларини текшириш заруратини уларни сохталаштириш ҳолатлари кўпаяётгани билан тушунтирди.

“Айрим фуқаролар мамлакатга ноқонуний олиб кирилган қимматбаҳо телефонларнинг IMEI кодини бошқа қурилмага кўчириб, уни чегарада декларация қилмоқда. Бунинг икки усули кузатилмоқда.

Биринчи ҳолатда қимматбаҳо телефоннинг IMEI коди бошқа русумдаги арзон телефонга кўчирилади. Масалан, божхона декларациясида 150 долларлик Samsung кўрсатилади. Шу декларация асосида рўйхатдан ўтказилган IMEI коди эса аслида iPhone 18 Pro Max'га тегишли бўлади.