Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан Ички ишлар вазирлиги Академиясининг касбий тайёргарлик факультетига қабул қилиш тартиби давлат рўйхатидан ўтказилди.

Факультетга танлов асосида:

ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий маълумотга эга бўлган, ҳарбий хизматни ўтаган, соғлигининг ҳолатига кўра ва жисмоний тайёргарлиги бўйича хизмат қилишга яроқли деб топилган шахслар қабул қилинади.

Танлов икки босқичда (дастлабки ва махсус-профессионал) ўтказилади. Дастлабки танлов ҳужжатларни ўрганиш, дастлабки суҳбат, жисмоний тайёргарликни баҳолаш, тиббий кўрикдан иборат. Махсус-профессионал танлов ҳужжатларни ўрганиш, тиббий кўрик, касбий-психологик лаёқатни баҳолаш ва якуний суҳбатдан иборат.

Факультетда ўқиш муддати офицерлар таркиби ходимлари учун 6 ой, сержантлар таркиби ходимлари учун 5 ой этиб белгиланди.

Ҳужжат билан Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари битирувчиларига касбий-психологик лаёқатни баҳолаш ва якуний суҳбатда улар тўплаган умумий баллнинг 20 фоизи миқдорида имтиёз бали қўшиб берилиши белгиланди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (www.lex.uz) танишишингиз мумкин.