Ака-сингил қизиган ёғ ва сув иштирокида "тажриба" ўтказишди
Москва шаҳридаги хонадонлардан бирида ака ва сингил қизиган ёғ ҳамда сув иштирокида тажриба ўтказиб, ёнғин содир этишди. Бу ҳақида 31 октябрь куни "Москва" шаҳар янгиликлари агентлиги хабар берди.
Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манба маълумотига кўра, воқеа 30 октябрь куни "Рабочая" кўчасида жойлашган уйда рўй берган. 24 ёшли ака 22 ёшли синглиси билан товага ўсимлик ёғи қуйишган, у қизигач, сув қўшишган. Натижада портлаш содир бўлган, ёнғин бошланган. Ёшларда куйиш жароҳатлари қайд этилган.
Таъкидланишича, воқеа содир бўлган жойга олти ўт ўчирувчи ва икки тез ёрдам машинаси йўл олган. Эвакуация ўтказилмаган.
Бундан аввал, октябрь ойида ижтимоий тармоқларда россиялик мактаб ўқувчисининг қизиб турган ёғ солинган товага бир стакан сув қуйган "тажрибаси" кенг тарқалганди. Унда ҳам "тажриба" ёнғин билан тугаган эди.