Жаҳон | 00:02 / 15.11.2017
4867
2 дақиқада ўқилади

Косово бош вазири: Режамиз — 2020 йилгача НАТОга аъзо бўлиш

Фото: AP / Visar Kryeziu

Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Косово республикаси ҳукумати раҳбари Рамуш Харадинай 2020 йилгача Приштина НАТО аъзоси бўлишини кутаётганини очиқлаган, деб ёзади РИА Новости  Косово радио ва телевидениеси (РТК) га асосланиб.

Косово озодлик армиясининг собиқ дала қўмондони Харадинай 14 ноябрь куни кундузи Приштинада ўтказилган «НАТО ва ғарбий Болқон — минтақавий динамика ва умумбашарий хавфсизлик таҳдидлари» конференциясида иштирок этган.

«Косово қуролланган ҳимояга эга ва имкон қадар тезроқ НАТОга аъзо бўлишни истайди. Умид қиламанки, 2020 йилгача Косово дунёдаги энг қудратли ҳарбий ташкилотга аъзо бўлади», — дея бош вазирнинг сўзларини келтирмоқда телеканал.

Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Косово республикаси президенти Ҳошим Тачи сентябрь ойидаёқ тан олинмаган давлатнинг тўлақонли қуролли кучлари йил сўнгига қадар НАТО ва АҚШ ёрдамида шакллантирилишини таъкидлаб ўтган эди.

Тачи апрель ойида Косово хавфсизлик кучлари (КХК)ни тўлақонли армияга айлантириш ҳақидаги қонун лойиҳасини парламентдан чақириб олишга мажбур бўлган эди. Тан олинмаган давлатнинг конституциясига тегишли ўзгартиришларни киритиш учун 120 нафар депутатнинг камидан учдан икки қисми розилиги талаб этилар эди, бунга мухолифатчи депутатлар ва «Сербский список» миллий озчилик партияси аъзолари қаршилик қилишган. Тачининг бошқа йўл — КХКнинг ваколатларини оддий қонун қабул қилиш орқали кенгайтириш халқаро ҳамжамиятнинг, жумладан, Россия, ЕИ ва АҚШнинг қаршилигига сабаб бўлди.

Косово-албан тузилмалари 2008 йилнинг 17 февралида бир томонлама тартибда Сербиядан мустақиллик эълон қилишган эди. АҚШ ва Европа иттифоқининг кўплаб давлатлари Косовонинг мустақиллигини тан олган. Сербия, Сурия, Россия, Хитой, Исроил, Эрон, Испания, Греция ва бошқа бир қатор давлатлар эса тан олмаган.

Мавзуга оид