Ҳибс ҳақида 10 ноябр куни Британиянинг терроризмга қарши кураш полицияси хабар берди. Унга кўра, 41 ёшли эркак шу куни Лондондан тахминан 160 километр ғарбда жойлашган Глостер шаҳри яқинида қўлга олинган. Британияда жосуслик каби хорижий давлатлар таҳдидига оид ишларни ҳам айнан шу полиция тергов қилади.
Полиция баёнотига кўра, тергов – АҚШ ҳукумати, ҳарбийлари ва Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) билан яқин ҳамкорликда олиб борилган. Баёнотда эркак айнан қандай ҳаракатларда гумон қилинаётгани айтилмаган. Фақат у 2023 йилги Миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонуннинг 1 ва 3-моддалари бўйича ҳибсга олингани маълум.
Бу моддалардан биринчиси ҳимояланган маълумотни қўлга киритиш ёки ошкор қилиш, иккинчиси эса хорижий разведка хизматига ёрдам бериш билан боғлиқ. «Айбловлар дахлдор бўлган давлат – Россия», дейилади баёнотда.
Гумонланувчи Лондондаги полиция бўлимларидан бирида сақланмоқда. Унга ҳали расман айблов қўйилмаган. BBC'нинг ёзишича, мазкур қонун полицияга шахсни айбловсиз 14 кунгача ушлаб туриш имконини беради. Тергов доирасида икки манзилда тинтув ўтказилмоқда.
Гумонланувчи ҳақида нима маълум?
Расмийлар гумонланувчининг исмини айтмаган бўлсада, унинг хизмат жойи ва мавқейи ҳақида айрим тафсилотлар маълум бўлди. New York Times манбаларига кўра, у Глостерширдаги Имжин ҳарбий базасида жойлашган НАТОнинг Иттифоқчи тезкор реакция корпуси (ARRC) штаб-квартирасида хизмат қилган.

Имжин НАТОнинг Британиядаги энг йирик базаси ҳисобланади. У ерда альянс ҳудудидаги инқирозларга тезкор жавоб беришга масъул бўлган 20 иттифоқчи давлат ҳарбийлари жойлашган.
CNN'га гапирган АҚШ расмийсининг














