DW хабарига кўра, Гринкевич концепцияни 12 октябр куни Варшавадаги хавфсизлик конференциясида таништирган.
Унда эҳтимолий тажовузкорга қарши ҳаракатлар уч босқичга ажратилган: ҳужумни тўхтатиш — Block, ҳужум суръатини синдириб, олға силжишга йўл қўймаслик — Blunt ва зарурат туғилса, ҳужум қилаётган қўшинлар ҳамда уларни таъминловчи ва бошқарувчи ҳарбий тизимни тор-мор этиш — Break.
Гринкевичнинг тушунтиришича, разведка маълумотлари, кузатув тизимлари ва таҳлил орқали ҳужумга тайёргарлик белгилари олдиндан аниқланиши лозим. Бу эҳтимолий рақиб ниятини баҳолаш ва НАТО кучларини ўз вақтида жойлаштириш имконини беради. Мақсад — алянснинг кутилмаган ҳужум қаршисида қолишига йўл қўймаслик.
Ҳужум содир бўлса, дастлабки босқичда асосий вазифа олдинги мудофаа чизиқларидаги қуруқлик қўшинларига юклатилади. Улар ҳужумни тўхтатиши, рақиб бўлинмаларининг ҳаракатини чеклаши ва уларни йўқ қилиши керак.
Айни вақтда авиация ва ҳарбий-денгиз кучлари космик ҳамда кибер воситалар кўмагида ҳаво ва денгизда устунликни имкон қадар тез таъминлаши кўзда тутилган.
Ҳужумлар давом этса, турли йўналишлардаги мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, юқори технологияли сенсорлар ва автоном қурол тизимлари орқали рақибнинг кейинги силжиши тўхтатилиши, ташаббус эса НАТО қўлига ўтиши режалаштирилган.
Агар рақиб шундан кейин ҳам ҳужумни давом эттирса ёки қўшимча кучларни жалб қилса, унинг ҳарбий тизимини ишдан чиқариш босқичига ўтилади. Бунда таъминот йўлларини издан чиқариш, бошқарув тизимларини йўқ қилиш ва ҳужумчи бўлинмаларни жанг олиб бориш қобилиятидан маҳрум этиш назарда тутилган.
Гринкевич НАТОнинг мақсади рақиб давлатни стратегик мағлубиятга учратиш эмас, балки алянс мамлакатларига ҳужум қилаётган кучларни ҳарбий жиҳатдан мағлуб этиш эканини таъкидлаган.
Бош қўмондон тахминан 15 дақиқалик нутқида Россия номини бирор марта очиқ тилга олмаган. Бироқ DW қайд этишича, концепция, аввало, Москва томонидан эҳтимолий таҳдидни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
«Мен можарони муқаррар ёки энг яқин вақтда бошланиши мумкин деб ҳисобламайман. Бундай эмас», — деган Гринкевич.
Унинг сўзларига кўра, жанговар шайлик фақат энг эҳтимолий сценарийларга эмас, балки умуман юз бериши мумкин бўлган ҳолатларга ҳам тайёр туришни талаб қилади.














