Украина уруш якунлангандан сўнг хавфсизлик кафолатларининг учта вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Финляндия бош вазири билан учрашув чоғида маълум қилди, деб хабар берди УНИАН.
«Биз бу кафолатлар мажмуаси эканини айтмоқдамиз. НАТО бор, ҳамма шунга умид қилмоқда. Аммо ҳозир америкаликлар билан муҳокама қилинаётган АҚШ кафолатлари ҳам бор. Унда бешинчи тузатиш мавжуд. Шунингдек, кўнгиллилар коалицияси ҳам бор бўлиб, унинг доирасида АҚШ томонидан Европа хавфсизлиги кафолатлари кўзда тутилган», – деди президент.
У бу кафолатларнинг барчасини кучли Украина армияси негизида яратиш мумкинлигини қайд этди. Президент гап Мудофаа кучларининг ҳам миқдор, ҳам сифат таркиби ҳақида бораётганини, бунинг учун эса «анчагина маблағ» талаб этилишини таъкидлади.
«Европа ва Америкадаги ҳамкасбларимиз буни билади. Бизда ҳаммаси аллақачон ҳисоб-китоб қилинган. Давлатимиз хотиржам бўлиши учун молиялаштириш масаласи ҳам, аскарларимизнинг тегишли сони ҳам аниқ», – деб қўшимча қилди Зеленский.
Президент хавфсизлик кафолатлари вариантлари орасида НАТОга аъзо бўлиш масаласи ҳам борлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳам Альянс, ҳам Россия учун фойдали бўлиши мумкин.
«Биз буни муҳим деб ҳисоблаймиз. Биз ўз армиямиз билан НАТО учун муҳиммиз. Худди шунингдек, НАТО ҳам Украина хавфсизлиги учун жуда муҳим. Биз ҳозирча бу ҳақда батафсил гапирмаяпмиз. Лекин ҳамкорларимиз билан буни муҳокама қиляпмиз. Очиғини айтсам, бизнинг НАТОга аъзо бўлишимиз россияликларга ҳам керак деб ҳисоблайман. Чунки улар учун бу НАТОдан ташқаридаги Украинага қараганда каттароқ хавфсизликдир», – деб таъкидлади президент.
У Россия билан тинчлик музокаралари масаласига ҳам изоҳ берди.
«Эртага ёки индинга мен Рубиодан бир сутка олдин мулоқотимизда кўтарилган масалалар бўйича ишоралар олмоқчиман. Дастлабки ишораларни Кушнер менга Киевга келаётганида етказган эди. Унинг айтишича, улар бу масалани Россия билан муҳокама қилган ва Россия уч томонлама – Америка, Украина ва Россия форматидаги учрашувни қўллаб-қувватламоқда. Ноябрь ойида техник жамоаларнинг юқори даражадаги учрашуви бўлиб ўтади», – деди президент.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Зеленский Украина ҳудудларининг бир қисми россияликлар назорати остида қолиши шарти билан Россия билан тинчлик келишувига боришга тайёрлигини билдирган эди. Президент, шунингдек, Россия жорий йил давомида Украинада ҳеч қандай муваффақиятга эришмаганини таъкидлади.

















