Иқтисодиёт | 16:13 / 30.11.2017
23056
2 дақиқада ўқилади

«Биз тайёрмиз». Туркманистон газ бўйича баёнот берди

Туркманистон давлат вазири вазифасини вақтинча бажарувчиси - «Туркмангаз» давлат концерни раиси Мират Арчаев Ашхободда чоршанба куни ўз давлати Европа ва МДҲ мамлакатларига табиий газни етказиб беришга тайёрлиги ҳақида яна бир бор маълум қилди, деб хабар бермоқда «Прайм» нашри.

У Энергетик хартия конференциясининг 28-сессиясида чиқиш қилар экан, Туркманистонда шимолий йўналишда магистрал газ қувурлар тизими борлиги, у орқали Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатларига табиий газ экспорти амалга оширилганини таъкидлаб ўтди.

«Энергетик хартия келишувнинг асосий принциплари қўлланса ва транзитчи-давлатлар билан маълум келишувларга эришилса, ушбу газ қувури тизими Туркманистондан Европа ҳамда МДҲ давлатларига табиий газ етказиб бериш учун фойдаланилиши мумкин», - деди Арчаев.

«Туркмангаз» раҳбари шу ойда иккинчи маротаба Туркманистон томони, маълум келишувларга эришилса, Европа ва МДҲ давлатларига табиий газ етказиб беришга тайёр эканини маълум қилди. Арчаев биринчи марта бу ҳақда Ашхободда шу ой бошида бўлиб ўтган халқаро нефтгаз конференциясида айтиб ўтганди.

Туркманистон табиий газ захиралари бўйича Россия, Эрон ва Қатар каби давлатлар билан биринчи тўртликка киради. Узоқ вақт давомида туркман газини Россиянинг «Газпром» компанияси сотиб олган. Бироқ 2016 йилдан нарх бўйича зиддият келиб чиққанидан сўнг Россия газ гиганти Туркманистондан табиий газ сотиб олишни тўхтатди.

«Туркмангаз» Эронга табиий газ экспортини 2017 йилдан анча жиддий қисқартиришга мажбур бўлди, бу аввал етказиб берилган ҳажмларга тўлов бўйича йирик қарздорлик суммаси йиғилиб қолгани туфайли рўй берган. Туркманистон томони 2 миллиард долларлик сумма ҳақида маълум қилган.

Мавзуга оид