Emirates «гравитацияси нолга тенг» ўриндиқларни тақдим этмоқда
Бирлашган Араб Амирликлари авиакомпанияси биринчи классдаги янги салонларни тақдим этди. Энди йўловчилар ёпиқ «капсула»ларда парвоз қилишади ва «гравитацияси нолга тенг» ўриндиқларда яйрашади ҳамда виртуал иллюминаторлардан завқ олишади, деб ёзади Fortune.
Emirates самолётларининг янги биринчи класси саҳни чарм билан қопланган, кароватга айланувчи ўриндиқлар ўрнатилади. Улар оғирлик кучи йўқолиши эффектини юзага келтириб, йўловчи танасига босимни камайтиради ва вазнсизлик туйғусини юзага келтиради. «Апартамент»ларнинг ҳар бири салоннинг бошқа қисмидан тўлиқ тўсилади ва бўлмани мини-хоначага айлантириб, илгари фақат энг бадавлат йўловчилар учун тақдим этилган алоҳида дабдаба сифатида намоён бўлади.
Самолётнинг ён томонларида жойлаштирилган ўриндиқлар оддий иллюминаторга эга бўлади, бироқ виртуал деразачалар ўртада жойлашган йўловчиларга ҳам тақдим этилади. Улар самолётнинг ташқи камераларига уланган бўлиб, тасвир реал вақт режимида виртуал иллюминаторларга узатади.
Бундан ташқари, биринчи класс апартаментлари меҳмонхона номерида мавжуд барча қулайликларга эга бўлишади, жумладан, мини-бар хизмати ва 2500дан зиёд канални кўрсатувчи 32 дюймли монитордан фойдаланишади. Emirates аллақачон ўзининг Boeing 777 самолётларини янги биринчи класс билан жиҳозлаган, бироқ унинг нархларини ошкор этмаяпти.