Якунларга кўра, тўртта стартапга “Hududgazta’minot” билан пилот лойиҳаларни амалга ошириш имконияти берилди.
Бугунги кунда газ таъминоти тизимида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, иш жараёнларини рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича янги ечимларга эҳтиёж ортиб бормоқда.
Шу мақсадда “Hududgazta’minot” АЖда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда StartupFest лойиҳасининг Catalyst дастури ташкил этилди.
Тадбирда ёш стартапчилар, дастурчилар ва киберхавфсизлик мутахассислари иштирок этди. Иштирокчиларга аввало компаниянинг реал иш жараёнлари ва фойдаланилаётган ахборот тизимлари кўрсатилди.

Шундан сўнг улар тизимдаги мавжуд вазифалар билан танишиб, аниқ иш жараёнлари асосида технологик ечимлар ишлаб чиқишга киришди.
“Бугун ‘Hududgazta’minot’ акциядорлик жамиятида катта тадбир ўтказяпмиз. Ўзбекистондаги стартапчилар, яъни IT соҳасидаги ёш мутахассисларни чақирганмиз.
Бугун ‘Hududgazta’minot’ томонидан рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган жараёнларни кўрсатамиз. Ишлатаётган тизимларимизни кўрсатамиз, ундаги камчиликларни аниқлаш, ривожлантириш мумкин бўлган жойларда ёшларимизнинг фикрларини олиб, уни ҳаётга татбиқ қилмоқчимиз. Ўйлайманки, бу ўзининг яхши натижаларини беради”, — деди “Hududgazta’minot” АЖ бошқарув раиси биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов.
Унинг таъкидлашича, аввал ҳам ёшлар томонидан газ таъминоти тизимида замонавий технологиялардан фойдаланишга қаратилган турли ғоялар билдирилган.

“Бу асосан ҳозирги вақтда жуда муҳим ҳисобланган big data, сунъий интеллект билан боғлиқ ғоялар. Яъни биздаги ахборот базасидан фойдаланиб, у ердаги маълумотларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш ва яхши ечимларни беришга олиб келадиган ғоялар бўлган. Келгусида бу янги модуллар, янги платформаларга айланиши мумкин”, — деди Даврон Мақсудов.
Дастур давомида иштирокчилар бир нечта йўналишда ишлади. Жумладан, истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш, газ йўқотишларини аниқлаш, ходимлар фаолиятини назорат қилиш ва логистика жараёнларини такомиллаштириш бўйича лойиҳалар тайёрланди.

















