Ўзбекистон | 17:35 / 08.12.2017
18426
7 дақиқада ўқилади

Тренер-ўқитувчиларга малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Фото: Fotolia

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг қарори билан Спорт-таълим муассасаларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи-услубчиларига малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 мартдаги 148-сон “Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси қарор қилди:

1. Спорт-таълим муассасаларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи- услубчиларига малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқланди.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

Спорт-таълим муассасаларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи-услубчиларига малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, тренер-ўқитувчиларга қуйидаги малака тоифалари берилади: иккинчи тоифали тренер; биринчи тоифали тренер; олий тоифали тренер.

Йўриқчи-услубчиларга қуйидаги малака тоифалари берилади: иккинчи тоифали йўриқчи-услубчи; биринчи тоифали йўриқчи-услубчи; олий тоифали йўриқчи-услубчи.

Иккинчи ва биринчи тоифали тренер ҳамда иккинчи ва биринчи тоифали йўриқчи-услубчи малака тоифалари Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари томонидан берилади.

“Олий тоифали тренер” ва “Олий тоифали йўриқчи-услубчи” малака тоифалари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси томонидан берилади.

Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича иккинчи ва биринчи тоифали тренер ҳамда иккинчи ва биринчи тоифали йўриқчи-услубчи малака тоифалари Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан, “Олий тоифали тренер” ва “Олий тоифали йўриқчи-услубчи” малака тоифалари эса, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда берилади. Тренер-ўқитувчилар ва йўриқчи-услубчиларга берилган малака тоифалари уларга табақалаштирилган тарзда ҳақ тўлаш учун асос бўлади.

Тренер-ўқитувчилар малака тоифаларини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

тренер-ўқитувчи томонидан малака тоифасини олиш учун берилган аризаси; шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

меҳнат дафтарчасидан нусха (иш жойидан тасдиқланган ҳолда); тайёрлаган спортчисининг мусобақаларда эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатлари (мусобақа баённомаси, диплом нусхаси);

спортчини тренер-ўқитувчига бириктирилганлигини тасдиқловчи маълумотнома; иш жойидан тавсифнома;

тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсатнома нусхаси.

Йўриқчи-услубчилар малака тоифаларини олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

йўриқчи-услубчи томонидан малака тоифасини олиш учун берилган аризаси; шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

меҳнат дафтарчасидан нусха (иш жойидан тасдиқланган ҳолда); иш жойидан тавсифнома;

йўриқчи-услубчи фаолиятини амалга ошириш учун нашр этилган услубий қўлланма(лар) нусхаси (мавжуд бўлганда).

Иккинчи ва биринчи тоифали малака тоифаларини олиш учун даъвогар бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари ҳузурида ташкил этилган, спортнинг техник ва амалий турлари бўйича эса, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳузурида ташкил этилган малака комиссиясига мурожаат қилади.

Малака тоифалари 5 йил муддатга берилади. Мазкур муддат ўтгандан сўнг. тренер-ўқитувчилар ва йўриқчи-услубчилар ўз малака тоифаларини белгиланган тартибда қайтадан тасдиқлатиши шарт.

Малака тоифалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ижодий таътил олинганда ижодий таътил муддатига, шунингдек ёшга доир пенсияга чиқиш муддатига бир йил қолганда бир йил муддатга узайтирилади.

Малака тоифалари қайтадан тасдиқлангунга қадар, тренер-ўқитувчилар ва йўриқчи-услубчиларга иш ҳақи мутахассис лавозими бўйича тўланади.

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвонига эга бўлган шахсларга малака тоифалари чекланмаган муддатга берилади.

Тренер-ўқитувчиларга малака тоифалари Олимпия, ноолимпия ўйинлари ёки Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари бўйича натижа кўрсатган спортчи билан камида икки йил узлуксиз шуғуллангандан сўнг берилади.

Спортчиларни кейинги спорт маҳоратини ошириш гуруҳларига берган тренер-ўқитувчилар ушбу спортчиларнинг натижалари бўйича тегишли малака тоифаларини олишга ҳақли. Бунда ушбу тренер-ўқитувчи даъвогарлик қилаётган малака тоифасидан олдинги малака тоифаси мезонларига тўғри келадиган натижаларга эришган спортчиларга эга бўлиши шарт. Бу спортчилар эришган натижалар бўйича тренер-ўқитувчи фақат бир марта малака тоифаси олиши мумкин.

Малака комиссияси аъзоларига эса қўйидаги талаблар қўйилади:

олий маълумотга эга бўлиши;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига эга бўлиши;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси билан яхши таниш бўлиши.

Малака комиссияси қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Комиссия қарори йиғилишда иштирок этган аъзоларнинг кўпчилиги овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Малака комиссияси аъзоси бўлган мутахассиснинг ҳужжатлари комиссияда кўрилганда комиссия аъзоси бўлган мутахассиснинг овози ҳисобга олинмайди.

Малака тоифаларини олишда тан олинадиган нуфузли спорт мусобақалари:

Нуфузли спорт мусобақаларига Олимпия ва Осиё ўйинлари, Жаҳон ва Осиё чемпионатлари ва кубоклари, турли халқаро спорт мусобақалари, Ўзбекистон Республикаси чемпионати, кубоги киради.

Бунда:

1. Олимпия ўйинларининг нуфузи Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан белгиланади.

2. Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Жаҳон ёки Осиё чемпионати ва кубогининг нуфузи тегишли халқаро спорт федерацияси (уюшмаси) томонидан белгиланади.

3. Олимпия ўйинлари дастурига киритилмаган спорт турлари бўйича Жаҳон чемпионати ва кубогининг нуфузи ушбу спорт мусобақаларида камида 20 та мамлакатнинг вакиллари ва (ёки) терма жамоалари қатнашган тақдирда тан олинади. Осиё чемпионати ва кубогининг нуфузи эса, ушбу спорт мусобақаларида камида 10 та мамлакатнинг вакиллари ва (ёки) терма жамоалари қатнашган тақдирда тан олинади.

4. Халқаро спорт мусобақаларининг нуфузи спорт турлари бўйича тегишли халқаро спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан рўйхатга олинган халқаро спорт мусобақалари бўйича тан олинади. Бунда ушбу спорт мусобақаларида камида 6 та мамлакатнинг вакиллари ва (ёки) терма жамоалари қатнашган бўлиши керак.

5. Ўзбекистон Республикаси чемпионати, кубоги нуфузи ушбу спорт мусобақаларининг халқаро ва республика миқёсидаги спорт ҳамда оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига киритилиши билан белгиланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид