Ҳукуматнинг 2026 йил 22 сентябрдаги 505-сон қарори билан бу борадаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, бахтсиз ҳодиса юз берганда жабрланувчи ёки гувоҳ бу ҳақда дарҳол бўлинма ёки цех раҳбарига хабар бериши керак.
Иш берувчи жабрланувчига шифокор келгунига қадар биринчи ёрдам кўрсатиши ва зарур бўлса, уни тиббиёт муассасасига олиб бориши лозим. Шунингдек, тегишли органлар ва ташкилотларни ҳамда жабрланувчининг яқинларини хабардор қилиши шарт.
Бўлинма ёки цех раҳбарига ҳам жабрланувчига зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатиш ва уни тиббиёт муассасасига етказишни ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Раҳбар махсус текшириш комиссияси иш бошлагунига қадар иш жойидаги вазият ва жиҳозлар ҳолатини ҳодиса юз берган пайтдагидек сақлаб қолиши зарур. У бахтсиз ҳодиса ҳақида иш берувчи ва касаба уюшмасига ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органига дарҳол хабар бериши керак.
Қуйидаги бахтсиз ҳодисалар махсус текширилади:
— саломатликка етказилган зарарнинг оғирлик даражасидан қатъи назар, бир вақтда икки ва ундан ортиқ ходим билан юз берган гуруҳли бахтсиз ҳодисалар;
— оқибати ўртача оғир ёки оғир бўлган бахтсиз ҳодисалар;
— ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар.
Низомда табиий ўлим, ўз жонига қасд қилиш, жабрланувчининг ўз саломатлигига қасддан шикаст етказиши, шунингдек, жиноят содир этаётган пайтда жароҳатланиши ҳолатлари мазкур тартиб доирасида текширилмаслиги ва ҳисобга олинмаслиги белгиланган.

















