Ҳукуматнинг 2026 йил 4 сентябрдаги 461-сон қарори билан «Ижтимоий ходимларга малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш» маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламент ижтимоий ходимларга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги Ижтимоий ҳимоя тизими ходимларининг малакасини ошириш маркази томонидан малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.
Қарорга мувофиқ, малака сертификати назорат синови натижалари ва талабгорнинг махсус иш стажидан келиб чиқиб берилади.
Хусусан, камида 1 йиллик махсус иш стажига эга талабгорга III тоифа, 2 йиллик махсус иш стажига эга талабгорга II тоифа, 3 йиллик махсус иш стажига эга талабгорга эса I тоифа малака сертификати берилади.
Бунда III тоифали малака сертификатини олиш учун талабгордан олий маълумот, II ва I тоифали сертификатлар учун эса тор доирадаги олий маълумот талаб қилинади.
Малака сертификати 5 йил муддатга берилади.
Назорат синовида иштирок этиш учун талабгор ваколатли орган томонидан ташкил этиладиган камида 36 академик соатлик ўқув курсларида малака ошириши лозим.
Малака сертификатини олиш бўйича назорат синови, қоида тариқасида, ҳар чоракда бир марта ўтказилади.
Талабгорларнинг билими тест ва кейс таҳлили асосида умумий 100 баллик тизимда баҳоланади. Назорат синовида 70 ва ундан юқори балл тўплаган талабгор синовдан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.
















