Жорий йилда олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли Низоми асосида амалга оширилди. Мазкур янги Низом бўйича илк марта оширилган контракт тўлови эвазига қўшимча квоталар ажратилган.
Етарли балл тўплай олмаган бўлса ҳам, лекин пули бўлса, марҳамат, бемалол талабаликка қабул қилиниш мумкин. Бунга давлат қўшимча имконият яратиб бермоқда.
Шу ўринда мутасадди шахсларга бошқа бир савол билан юзланмоқчимиз:
Етарли билими бор, керакли баллни тўплай олган, лекин пули бўлмаганларчи? Уларнинг тақдири энди нима бўлади?
Бундай савол бераётганимизнинг сабаби Kun.uz таҳририятига шу масалага оид кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларда айтилишича, мингга яқин талаба жорий йилда ОТМларнинг талабалигига тўлов-шартнома асосида тавсия этилган, яъни контрактга кирган, бироқ контракт пулини бироз кечикиб тўлаган талабаларнинг тақдири ҳалиям сўроқ остида турибди.
Хусусан, исмини ошкор қилишни истамаган бир талаба қиз қуйидагича ёзади:
«Ассалому алайкум, Kun.uz таҳририяти.
Агар нотўғри тушунмасангиз, ушбу мактубимда исмимни ва ўқиш жойимни ошкор қилмасам дегандим. Жорий йилда катта умидлар билан ўзим туғилиб ўсган Самарқанд шаҳридаги ўзим танлаган институтга ҳужжат топширдим ва контракт асосида ўқишга кирдим. Контракт суммаси 7.250.000 сўм экан. Контрактнинг ярмини 11 сентябрь куни тўладик. Қолган ярмини оиламиздаги айрим молиявий қийинчиликлар туфайли 14 октябрь куни тўлаб бердик. Очиқ гап, банклардан таълим кредити ололмадик, бизда лимит тўлган дейишди. Шу сабабли дадам ойлигидан кейинчалик узиш шарти билан қарз олди. Лекин шартнома пулини 100 фоиз тўлаган бўлсак ҳам, бироз кечикиб тўлаганимиз учун ҳалигача менга буйруқ чиқмади.
Бизга айтишларича, тўлов муддати Низом бўйича 15 сентябргача экан, кейин Вазирлар Маҳкамаси 1 октябрга қадар узайтирган экан. Шу сабабли менга буйруқ чиқаришмаяпти. Институтдагиларга айтсак, «биз ҳал қилмаймиз, тепадагилар нима деса шу бўлади» дейишяпти. Президент порталига қилган бир нечта мурожаатларимиздан ҳам фойда бўлмади. Қизиқ томони, ҳар сафар порталга ёзган аризамни Олий таълим вазирлигига юборишади ва вазирликдан «бу масала вазирлик ваколатига кирмайди, буни Республика қабул комиссияси ҳал қилади, уларга мурожаат қилинг» деган шаблон жавоб қайтади. Агар бу масалани ечиш вазирликнинг ваколатига кирмаса, унда порталдагилар ҳар сафар нима учун аризамни уларга юборишади? Шаблон жавоб олишимиз учунми?
















