Қиш мавсуми бошланиши билан Kun.uz таҳририятига электр энергиясида кузатилаётган узилишлардан шикоятлар келиб туша бошлади. Маълум қилинишича, аҳоли истеъмоли учун етказиб берилиши назарда тутилган электр энергияси Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ҳамда Қашқадарё вилоятларида режали чеклов жадвалидан ташқари бажарилмоқда. Яъни, айрим хонадонларда сурункасига суткалаб ток бўлмайди. Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири «Ўзбекэнерго» АЖ раҳбарияти билан суҳбатлашди.
«Биз ўтган йилга нисбатан, кўпроқ электр энергиясини етказиб бериш режасини бажармоқдамиз. Масалан, Фарғона вилоятига жорий йилнинг 12 декабрь куни 16,4 миллион киловатт электр энергияси етказиб берилган бўлса, мос равишда ўтган йили вилоятга 13,7 миллион киловатт энергия етказиб берилганди. Аммо, шуни тан олиб айтиш лозимки, «Ўзбекэнерго» АЖ бир вақтнинг ўзида иккита катта ҳалокатни бошдан кечирди.
Гап шундаки, Толимаржон ИЭС ҳамда Навоий ИЭСда янги буғ-газ қурилмаси ишдан чиқди. Газ фильтрловчи қувурда юз берган носозлик қурилманинг ишга яроқсиз бўлиб қолишига сабаб бўлди. Янада аниқроқ қилиб айтсак, буғ-газ қурилмасига газни фильтрлаб ўтказиб берувчи мосламанинг фаолияти фақат тоза газ маҳсулоти етказиб берилгандагина яхши ишлайди», дейди «Ўзбекэнерго» АЖ мутасадди вакили.
Аниқланишича, 13 декабрь куни ҳар иккала иссиқлик электростанцияларга етказиб берилган газ маҳсулотлари таркибида чиқинди ва иш фаолиятига таъсир этувчи қолдиқлар бўлган. Жамият раҳбариятининг таъкидлашича, ИЭС буғ-газ қурилмасини газ чиқиндисидан тозалаш учун бир неча кун талаб этилади ҳамда станция фаолиятини тўхтатиб туриши шарт.
«Бу қурилма ва фильтр орасидаги масофа 300 метрни ташкил этади. Унинг ичида турли жўмраклар, фильтр қаватлари ҳамда деворлар бор. Шу боисдан ҳар бирини тозалашга узоқ вақт кетди. Шундай қилиб, Навоий ИЭС 16 декабрь куни, Толимаржон ИЭС эса 14 декабрь куни қайтадан ишга тушди», деб изоҳ бериб ўтди раҳбарият.
Янги қурилманинг ўрнатилганини ҳисобга олиб, мосламаларнинг қиш мавсумига тайёргарлигини олдиндан текширишнинг имкони йўқми? Ушбу савол барчани қизиқтиради.
«Масала бошқа жиҳатдан кўриб чиқилиши лозим, биз тоза ва сифатли газни қабул қилишимиз керак. Қолаверса, об-ҳавонинг ўзгариши билан газ босимида ҳам бир мунча фарқланиш кузатилади. Бунда кимдир айбдор эмас, шундай ҳолат кузатилиши табиий. Ҳаво совиши билан газ ҳам конденсацияга учрайди ва шундай ҳол юз берди», деб фикр билдирди масъул ходим.















