Норвегия ҳукумати жамоат жойларида, жумладан, хиёбонлар, соҳиллар, мактаблар, болалар боғчалари ва шифохоналарда ўрнатилган сунъий интеллектга эга кўзойнакни тақиб юришни вақтинча тақиқлашни режалаштирмоқда.
FT нашрининг ёзишича, ҳукумат 5 октябрь куни тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини эълон қилган. Яқин кунларда у парламентга киритилиши режалаштирилмоқда.
«Одамлар бехабар суратга олиниши, видеога туширилиши ёки овози ёзиб олиниши хавфини туғдирувчи янги қудратли технологиянинг жорий этилиши хавотир уйғотмоқда», — деди Норвегия рақамлаштириш ва давлат бошқаруви вазири Торгейр Микаэлсен.
Унинг сўзларига кўра, вақтинчалик тақиқ вазиятни чуқур таҳлил қилиш ҳамда доимий қоидаларни ишлаб чиқиш учун зарур.
Норвегия ҳукумати сунъий интеллектли кўзойнакни тўлиқ тақиқлаш ҳақида гап кетмаётганини таъкидлади.
FT қайд этишича, Норвегия сунъий интеллектли кўзойнакдан фойдаланиш бўйича чекловларни бутун мамлакат миқёсида жорий этишга қарор қилган дунёдаги биринчи йирик давлат ҳисобланади.
Бошқа даражаларда Норвегияда бундай қурилмалардан фойдаланиш аллақачон тақиқланган, масалан, Ослодаги мактабларда ҳамда Equinor нефть-газ корпорацияси объектларида. Тақиқлар бошқа давлатларда ҳам жорий этилган. Хусусан, Meta компаниясининг сунъий интеллектли кўзойнакларида Англия ва Уэльс судларига кириш тақиқланган.








