Жаҳон | 09:06 / 28.12.2017
16768
2 дақиқада ўқилади

2017 йилда қанча мусулмон Ҳаж ва Умрага самолётда боргани маълум қилинди

Жидда халқаро аэропорти. Фото: Arabnews

Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармаси раҳбари Абдул Ҳаким Ат Тамимий Жидда шаҳридаги подшоҳ Абдул Азиз номидаги янги халқаро аэропорт қачон фойдаланишга топширилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, янги ҳаво бандаргоҳи 2018 йил май ойида йўловчиларни ва самолётларни қабул қила бошлайди. Бу ҳақда "Арабньюс" хабар қилмоқда.

“Ҳаво транспорти зиёратчиларнинг Умра ва Ҳаж амалларини бажариш учун етиб келишларида энг мақбул йўлдир. 2017 йили Ҳаж қилиш учун самолётда етиб келганлар сони 1 млн 648 минг 906 кишини ташкил этди. Умрага келганлар сони 2017 йилда 5 млн 664 минг 208 киши бўлди”, - деган Ат Тамимий. 

Унинг айтишича, подшоҳ Абдул Азиз номидаги халқаро аэропорт мега лойиҳа бўлиб, “терминаллари майдони 810,000 м2 ни ташкил этади. Унда 200 та йўловчиларга хизмат кўрсатувчи, 80 та ўз-ўзига хизмат кўрсатиш нуқталари бўлади. Бир вақтнинг ўзида 70 та самолётга терминалда, 28 тасига майдонда хизмат кўрсатиш мумкин бўлади”. 

Бош бошқарма бошлиғи ўз нутқида Тоиф халқаро аэропортининг қурилиши ҳам жуда муҳимлигини уқдирди. “Бошқарма Тоиф халқаро аэропортини хусусий секторга беришга розилик билдирди. Янги ҳаво бандаргоҳи меҳмонлар, Умра ва Ҳаж қилувчилар учун қулайлик яратади. У 2020 йил декабрь ойида очилиши кутилмоқда”, дея қўшимча қилган Ат Тамимий. 

Мавзуга оид