Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридаги Intercontinental меҳмонхонасига террорчилар ҳужуми оқибатида қурбон бўлганлар сони 43 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Афғонистон махсус хизматларига асосланган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар тарқатди.
Шунингдек, 150дан ортиқ киши, жумладан 40дан ортиқ хорижлик жароҳатланган.
Қурбонлар орасида Украина фуқароси бор. Бу маълумотни Украина Ички ишлар вазирлиги тасдиқлади.
Шунингдек, бу ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар орасида Афғонистоннинг Карачи шаҳридаги бош консули ҳам бор.
20 январь куни кечқурун Кобул шимоли-ғарбидаги меҳмонхонада конференция бўлиб ўтаётган вақтда 4 нафар жангари меҳмонхонага бостириб кирди ва одамларни ўққа тутди. Меҳмонхонани террорчилардан озод қилиш жараёни 18 соат давом этди. Кейинчалик террорчиларнинг барчаси йўқ қилинди, меҳмонхона ичидаги 126 киши озод қилинди.
Ушбу ҳужум учун жавобгарликни «Толибон» ўз зиммасига олди.












