Ўзбекистонда туристик йиғим соҳанинг иқтисодий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилади. Бу – давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга оид фармонида белгиланди.

Фармонга кўра, туристик йиғим миқдори жойлаштириш воситаларининг хона ва ўринлари сотилиш нархига қараб белгиланади ҳамда барча учун ягона ставка жорий этилади.

Шунингдек, меҳмонхоналар учун автотураргоҳга оид мажбурий талаблар ҳам қайта кўриб чиқилади, жумладан, бу талаблар инфратузилмадан келиб чиқиб белгиланади.

Туроператорларга 10 нафардан ортиқ сайёҳлик гуруҳлари учун сотиб олинган маданий мерос объектларига кириш чипталари учун 30 фоизгача чегирма бериш режалаштирилмоқда.

Уч ой ичида юқоридагиларни назарда тутувчи президент қарори лойиҳаси тайёр бўлиши керак.