Германия Ички ишлар вазирлиги 25 август куни Лейпциг/Галле аэропортидан Афғонистон пойтахти Кобулга махсус чартер рейси амалга оширилганини маълум қилди.
Рейс бортида Германиядан чиқариб юборилиши лозим бўлган 23 нафар афғонистонлик эркак бўлган.
Вазирлик маълумотига кўра, депортация қилинганларнинг асосий қисмини оғир жиноятлар учун судланган шахслар ташкил этган. Улар орасида жинсий зўравонлик ва тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар содир этганлар ҳам бор.
Қолган шахслар ҳам аввал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборига тушган, дея маълум қилган Германия ИИВ вакили AFP агентлигига.
Вазирлик депортация жараёни муваффақиятли якунланганини билдирган.
25 августдаги рейсни ҳам ҳисобга олганда, Германиянинг амалдаги ҳукумати даврида мамлакатдан Афғонистонга депортация қилинган эркаклар сони 228 нафарга етган.
Германия ички ишлар вазири Александер Добриндт мамлакатда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар Германияни тарк этиши кераклигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, жиноят содир этган шахсларни мамлакатдан чиқариб юбориш жамият манфаатларига мос келади ва ҳукумат бу сиёсатни изчил давом эттиради.
Депортацияга қарши намойиш ўтказилди
Кобулга рейс амалга оширилишидан бир кун аввал Лейпциг/Галле аэропортида Афғонистон фуқароларини депортация қилишга қарши акция бўлиб ўтган.
Депортацияга қарши фаоллар Афғонистонга қайтарилаётган одамлар «Толибон» ҳукмронлиги остида таъқиб, қийноқ ёки бошқа жиддий хавфларга дуч келиши мумкинлигини билдирган.
«Депортацияларга қарши алянс» вакили Кай Адил Германиядан ҳимоя излаётган афғонистонликларни «Толибон» ҳукмронлигидаги мамлакатга қайтариш инсонлар ҳаёти ва хавфсизлиги учун таҳдид туғдириши мумкинлигини таъкидлаган.
Афғонистонга депортациялар 2024 йилда қайта тикланган
«Толибон» ҳаракати 2021 йил ёзида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганидан кейин Германия ушбу мамлакат фуқароларини депортация қилишни тўхтатган эди.
Афғонистонга депортациялар 2024 йил август ойида қайта тикланди. Ўшанда Германиядан Кобулга жиноят содир этгани учун судланган 28 нафар Афғонистон фуқароси юборилган.









