Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев селектор йиғилиши ўтказди. Унда Ақтўбедаги нохуш ҳодиса оқибатлари ҳам муҳокама қилинган. «Kun.uz» таҳририятига ушбу йиғилиш вақтида ёзиб олинган аудиоёзув етиб келди.
Йиғилишда вилоят ҳокими Тошлоқ туманидаги барчани (Ақтўбедаги фожиада қурбон бўлганларнинг 16 нафари шу тумандан эди) Фарғона вилоятини республикада шарманда қилишда айблаган. Ҳоким ўз айбловларини қўпол сўзлар билан ифодалаб, тошлоқликларни Ҳаж зиёратига боришдан маҳрум қилган.
«Энди Тошлоқдан ҳеч ким Ҳажга бормайди. Тошлоқликларнинг биронтаси Ҳаж сафарига бормайди, тиригиям бормайди, отасиям бормайди. Ҳаммаси маҳрум бўлди ўша Тошлоқдан», дея ҳайқирган ҳоким.
Шундан сўнг у ўз ёрдамчиларидан бирига Ҳаж сафарига бориш учун рўйхатдан ўтган тошлоқликларнинг барчасининг номини ўчириш бўйича кўрсатма берган.
Ғаниев фожиа қурбонларининг яқинлари учун ажратилган моддий ёрдамни миннат қилган.
«Эшитиб қўйинглар, тошлоқликлар! Яна бечора вилоятликлар 80 миллион сўм ҳомийлик қилишга мажбур бўлди. Ҳар бири учун 5 миллион сўмдан. Буни таъна қилиш учун гапираётганим йўқ», дея таъна қилади ҳоким.
«20 яшар, 22 яшар, уйланмаган йигитлар кетаверадими? Ота-онаси нима деяпти, карахтми улар? Энди бечора участка нозири айбдор қилинади. Маҳалладагилар турибди тишини ковлаб.
Эртага ёзса ёзаверсин, мани устимдан. Ғаниев урди (!), ҳажга бормайсан деди, фалон деди, пистон деди, қилиб», дея у ОАВда ўзини танқид қилиб чиқишларидан қўрқмаслигини таъкидлаган.
Ҳоким тошлоқликларнинг 2005 йилда митинг қилганини ҳам эслаб ўтган.
«Митинг қилган ҳам шулар бўлади, 2005 йилда ички ишлар ходимларини тош отиб қувлаганлар шу ҳаромилар эди. Қаралмаса, шунақа бўлади», дейди ҳоким.
Шуҳрат Ғаниев Тошлоқ тумани ҳокими Ҳ.Умаровни қаттиқ ҳақоратлаган.
«Икки-учтадан хотин қилганиям Тошлоқда, хотинларни қўйвориб, болаларни етим қилиб, алимент тўламай юрганларам Тошлоқда. Падаринга лаънат, сан тошлоқликларни... Ҳокимдан бошлаб ҳаромилар. Республикага бутун вилоятни шарманда қиладиганлар. Бозор устидан ёзадиганларам Тошлоқда, бозорда ўзи эшакминди ўйнайдиганларам Тошлоқда (бироз аввалроқ матбуотда Тошлоқ туманидаги деҳқон бозори қаттиқ танқид қилиб чиқилганди - таҳр).
Қўлингдан кемаса чиқиб кет ҳозир залдан, ҳоким бўлиб ўтирмасдан. Мард бўлсанг, шундай чиқиб кет-да, йўқолиб кет! Йўқолиб кет! Номард!», дейди у.
















