Ҳурматли Жамшид Анварович!
Президентимиз Сизга қандай ишонч билдириб, Республиканинг энг муҳим бўғинига раҳбар этиб тайинлаганидан хабардормиз. Бу соҳада катта ўзгаришлар қилиш учун президентимиз сингари шижоат билан ишлашингиздан ҳам умидвормиз.
Мен молиячи эмасман, бу соҳани билмайман, аммо одамларнинг дардини яхши биладиган бир журналист, ёзувчи сифатида миллат дардида қайғуриб ёзган мақолаларим боис айримлар ўз муаммоларини менга ёзиб, ёрдам беришимни сўрашаяпти. Эл ишониб, дардини бир ёзувчисига айтгани яхши, аммо кўп муаммоларни ҳал қилиш менинг ваколатимга кирмайди.
Сизнинг эътиборингизни бир йигитнинг хатига қаратмоқчиман, олдиндан айтиб қўяй, мен у йигитни танимайман, кўрмаганман, аммо менга мурожаат қилгач, ишлайман, деб ёниб турган бир йигитнинг тақдирига бефарқ қараб туролмадим.
“Одилжон Охунжоновман. 1992 йилда Фарғона вилояти Бувайда туманида туғилганман. Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бакалавриат ҳамда магистратура босқичини тамомлаганман. Мутахассислигим бухгалтерия ҳисоби ва аудит. Бундан ташқари, давлат молиясини бошқариш соҳасида ҳам ўқидим.
Ҳозир Тошкентдаман. Ярим йилдан бери иш излайман. Мен иш сўраб, мурожаат қилмаган ташкилот қолмади, ҳисоби. Ҳаммасида ҳужжат қолдиринг, дейишади, лекин натижадан дарак йўқ.
“Ўзпахтасаноат” экспорт холдингга август ойида ҳужжат бердим. Кадрлар бўлимида ҳужжатларимни очиб ҳам қарашмади.
“Микрокредитбанк”ка ҳужжат бердим. Вилоятлик эканимни билгач, одам ўрнида кўриб муомала ҳам қилишмади.
“Ипотека банк”ка кўп бор мурожаат қилдим. “Ҳужжатларингизни қолдиринг, ўзимиз қўнғироқ қиламиз”, дейишди. Беш ойдирки, қўнғироқ кутаман...
Бошқа идора ва ташкилотлар ҳам шундай муносабат билдиришаяпти.
Хуллас, учта диплом ва сертификатим билан ишсизман. Айни вақтда Сергелидаги кўп қаватли уй қурилишида оддий ишчи бўлиб ишлаяпман.
Кореяга ишга кетмоқчи бўлиб, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига бордим ва у ердаги қоғозбозликдан бошим айланиб кетди. Ҳаммасини тайёрлаб келганимда ҳам Кореяга ишга кетишимни йиллаб кутишим керак экан.
Ахир мен Ўзбекистоннинг олий маълумотли фарзандиман, ишлайман деб юрагим қайнаб турибди. Наҳотки бирор ердан иш тополмай, Россияга бориб, қор курасам, қора ишларни қилсам?
Ишга киришнинг йўлини ўргатаётганлар бор, аммо мен улар айтгандек, пора бериб ишга кириш учун етти-саккиз йил ўқимадим-ку? Мустақил ҳаётимни қинғирлик билан бошламоқчи ва умрим давомида қинғирликлар билан ишламоқчи эмасман. Ҳалол йўл билан ишга кириб, Ватаним равнақи учун покиза виждон билан ҳалол ишламоқчиман.








