Тугаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид шу ва бошқа айрим воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Баҳодир Сиддиқов ва Акмалхон Ортиқов суд курсисида

Охирги вақтлардаги энг шов-шувли иккита коррупцион кейс – “Ўзбекнефтгаз” ва Давактив собиқ раҳбарлари билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд жараёнлари бошланди.

“Нефт-газ иши” доирасида жами 9 киши уюшган гуруҳ таркибида ёки уюшган гуруҳнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда, жуда кўп миқдордаги талон-торожликларда айбланяпти. Улардан 5 нафари қамоққа олинган, 4 кишига гаров эҳтиёт чораси қўлланган.

Судланувчилар қаторидан “Ўзбекнефтгаз” собиқ раиси Баҳодир Сиддиқовдан ташқари, унинг ўринбосари бўлиб ишлаган Бахтиёр Анорқулов, компаниянинг Харидлар департаменти бошлиғи Дилмурод Бурхонов ва компания тасарруфидаги “Махсусэнергогаз” АЖ раиси Дилшод Ҳақбердиев ҳам жой олган.

Қолган судланувчилар – нефт-газ соҳасидаги хусусий компаниялар масъулларидан иборат. Enter Engineering директори Улуғбек Усмонов, Eriell'нинг айрим тузилмаларини бошқарган Нодиржон Бобоев ва Petromaruz раҳбари Ҳамидулла Асатов шулар жумласидан.

Давлат активларини бошқариш агентлигидаги ўғриликларга келсак, бу ишдаги судланувчилар қаторида давлат хизматчилари сони бир ёки икки нафар холос. Агентликни роппа-роса 5 йил бошқарган Акмалхон Ортиқов бир қатор баҳолаш компаниялари раҳбарлари билан бирга давлат мулкларини талон-торож қилишда айбланяпти. У ва яна бир судланувчи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Ҳар иккала жиноят иши бўйича айблов хулосалари очиқланмагани туфайли гумон қилинаётган талон-торожликлар қандай содир этилгани, етказилган зарар ҳажми, судланувчиларнинг айбловга муносабати ва бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас. Фақат “Давактив иши” бўйича аввалроқ давлат раҳбари очиқлаган бир детални эслаб ўтишимиз мумкин: унга кўра, агентлик мансабдорлари бозор қиймати камида 250 млрд сўмлик ер участкасини ёпиқ аукционга чиқариб, 120 млрд сўмга сотиб юборган.