Жаҳон | 01:09 / 06.02.2018
9668
2 дақиқада ўқилади

Роман Абрамович Швейцарияда яшаш гувоҳномасини қўлга киритиш учун арзнома берди

Фото: Фото: globalsib.com

Россиялик ишбилармон, Лондоннинг «Челси» клуби хўжайини Роман Абрамович Швейцариянинг Вале кантонида яшаш гувоҳномасини қўлга киритиш учун арзнома берган. Бу ҳақда Швецариянинг Sonntags Zeitung газетаси хабар бермоқда, деб ёзади Meduza.

Нашрнинг қўлга киритган маълумотларига кўра, Абрамович илк бор 2016 йилнинг ёзида арзнома берган экан. Ишбилармон ўшанда Вербье шаҳрида истиқомат қилиш учун рухсат сўраган. Орадан бир йил ўтиб, арзнома қайтариб олинган.

2017 йил ноябрида Абрамович яна яшаш гувоҳномаси сўрашга аҳд қилган. Sonntags Zeitung’нинг ёзишича, ишбилармон ўз мурожаатини федерал полиция департаменти бошлиғи Николетте делла Валлега жўнатган. Икк варақли хатда Абрамович яшаш гувоҳномасини қўлга киритиш ҳақидаги арзномасини яна қайта тиклашини маълум қилган.

Sonntags Zeitung ва Швейцариянинг яна бир бошқа газетаси — Le Matin Dimanche’га кўра, Абраович «жамоатчилик манфаатини ҳисобга олиб», унга яшаш гувоҳномаси беришларини сўраган.

Le Matin Dimanche’нинг қайд этишича айнан шундай сабаб билан 2014 йилда «ЮКОС»нинг собиқ раҳбари Михаил Ходорковский Швейцария кантонларидан бирида яшаш ҳуқуқини қўлга киритган.

Швейцария ОАВларининг маълумотига кўра, Абрамович умргузаронлик қилишга ҳозирлик кўраётган Вале кантонида алоҳида солиқ режими амалда. Унга кўра, яшаш гувоҳномасига эга бўлганлар бу ерда ҳаёт учун зарур харажатлар (кўчмас мулк ижараси ва ҳ.к.) учунгина солиқ тўлайди, ўзларига тегишли активлар баҳоланишидан эмас.

Forbes томонидан 2017 йилда тузилган, Россиянинг энг бой ишбилармонлари рейтингида Роман Абрамович 12-ўринга жойлаштирилган. Унинг бойлигини журнал 9,1 миллиард долларга баҳолаган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид