Ўзбекистон миллий жамоасининг жаҳон чемпионатида энг ёрқин ўйин кўрсатган футболчиларидан бири 19 ёшли Беҳруз Каримов «Сурхон»ни тарк этиб, Швейцариянинг «Лугано» клуби сафига қўшилди.
19 ёшли ҳимоячи 5 йиллик шартномани имзолади. Унинг шартлари эълон қилинмади.
Беҳруз Каримов 2007 йил 7 августда туғилган. Аввалига Odil Junior академиясида таълим олган, кейинроқ Тошкентнинг «Олимпик» клубига ўтган.
У 2025 йил февралидан бери Термизнинг «Сурхон» клубида тўп тепиб келаётган эди.
1908 йилда шу номдаги шаҳарда асос солинган «Лугано» клуби Швейцариянинг энг узоқ тарихга эга клубларидан бири, уч карра мамлакат чемпиони, тўрт карра Швейцария кубоги соҳиби.
Ўтган мавсумни клуб ички чемпионатда 3-ўрин билан якунлаб, УЕФА Конференциялар лигасида (Чемпионлар лигаси ва Европа лигасидан кейинги ўринда турувчи мусобақа) иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Конференциялар лигасининг ушбу мавсумида клуб 3-саралаш босқичи дастлабки ўйинида Фарер оролларининг «Рунавик» клубини ўз майдонида 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Жавоб ўйини 13 август куни бўлиб ўтади. Агар «Лугано» бу тўсиқдан ўтса, гуруҳ босқичига чиқиш учун «Маккаби Т-А» (Исроил) ва ЦСКА (Болгария) ўйини ғолиби билан куч синашади.







