Объект Брюниг массивида 100 метрдан чуқурроқда барпо этилмоқда, деб хабар берди Bild нашри. Брюниг массиви Швейцариянинг марказий қисмида жойлашган.
Лойиҳа муаллифлари мулкни «деярли ҳар қандай эҳтимолий таҳдиддан» — ҳар қандай ҳужум ёки фалокатдан ҳимоя қилишни кўзламоқда. Шу мақсадда омборлар тоғ массивининг ичкарисида жойлаштирилади. Лойиҳа ортида тадбиркор Томас Гассерга тегишли Швейцариянинг Brünig Mega Safe компанияси турибди. Қурилиш 2026 йилнинг январь ойида бошланган. Компания вакилига кўра, юқори хавфсизлик ҳудудидаги дастлабки ишлар аллақачон якунланган. Кейинги босқичда эса омборхоналарга киришни таъминлайдиган портал қурилади.

«Хавфсизлик даражаси Швейцария Миллий банки омборларида қўлланиладиган даражага мос бўлиши керак», — деган эди Гассер Швейцариянинг RTS телеканалига берган интервьюсида.
Дастлабки омборларни 2028 йилда битказиш кутилмоқда. Тоғ массивида жами 25 тагача хона яратиш режалаштирилган. Улардан биридан 99 йил муддатга фойдаланиш ҳуқуқи қиймати 1 миллион еврога етиши мумкин. Омборлар мулкини узоқ муддат сақлашга эҳтиёж сезадиган миллиардерлар учун мўлжалланган.

Ерости мажмуасига кириш бир неча босқичли назорат орқали амалга оширилади. Гассернинг сўзларига кўра, одам аввал шлюздан ўтиши керак бўлади, шунингдек, қўшимча текширувлар ҳам кўзда тутилган. Компаниянинг билдиришича, омборларда деярли ҳар қандай қимматбаҳо буюмларни сақлаш мумкин бўлади. Чекловлар фақат гиёҳванд моддалар ва портловчи моддаларга тааллуқли.









