Жаҳон | 07:42 / 07.02.2018
12790
2 дақиқада ўқилади

Тайванда юз берган кучли зилзила оқибатида 200 дан кўпроқ одам жабр кўрди

Фото: AFP

6 февралда Тайваннинг Хуалянь уездида маҳаллий соат билан 23.50да (Тошкент вақти билан соат 20.50да) 6,5 магнитудали кучли зилзила юз берди. Зилзила ўчоғи 11 км чуқурликда бўлган. Хитой сейсмологик маркази бу зилзиладан кейин магнитудаси 4,5 дан юқори бўлган камида 5 та ва 5,2 дан юқори бўлган 2 та афтершок қайд қилган.

Зилзила оқибатида 2 киши ҳалок бўлган. Умумий ҳисобда 219 киши жабрланган, 173 киши алоқага чиқмаяпти.

Зилзила жиддий вайроналарга олиб келган. Хуалянь шаҳрида камида 5 та бино, жумладан 11 қаватли меҳмонхона ва ҳарбий госпитал қисман ёки тўлиқ вайрон бўлган. Охирги маълумотларга кўра, биринчи 3 та қавати қулаган меҳмонхонада кўплаб одамлар қолиб кетган, улардан 116 нафарини эвакуация қилишга муваффақ бўлинган.  

Табиий офат оқибатида транспорт тизими ва электр таъминоти тизимида муаммолар вужудга келган. ОАВ маълумотларига кўра, Хуаляндаги кўприкка ҳам зиён етган.

Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, унда ҳарбийлар, ўт ўчирувчилар, қутқарувчилар, тиббий ходимлар ва полиция итлари иштирок этмоқда.

Мавзуга оид