22 октябр куни Тибетнинг тоғли ҳудудида 7 магнитудали ер силкиниши рўй бериши оқибатида камида 16 киши ҳалок бўлди ва 60 дан ортиқ киши яраланди.

Hinhua ахборот агентлиги маҳаллий фавқулодда вазиятлар бошқармасига таяниб хабар беришича, зилзила эпимаркази Бачен уездида (Нагчу округи) жойлашган. Бу уезд Тибетнинг маъмурий маркази ҳисобланган Лҳаса шаҳридан 400 км шимоли-шарқда жойлашган.

Расмийлар фавқулодда вазият режимини эълон қилган ва жабрланган ҳудудларга қутқарув отрядларини юборган.

Табиий офат оқибатида 339 та уй ва 20 та молхона вайронага айланган, бутун минтақа бўйлаб электр таъминоти деярли тўлиқ узилган.

Тош тушиши туфайли йўллар тўсилиб қолган, бу эса қутқарувчиларнинг жабрланган ҳудудларга етиб боришини қийинлаштирмоқда.

Ушбу зилзила минтақадаги сўнгги 5 йил ичида кузатилган энг кучлиси бўлгани таъкидланмоқда.

Тибетнинг Чамдо ва Нингчи шаҳарларида ҳам кучли ер силкинишлари сезилган.

Сейсмологлар зилзиладан сўнг магнитудаси 4,3 дан 5,2 гача бўлган камида 7 та афтершокни қайд этишган.

Ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Август ойи охирида Тибет ва Непал муз тушиши оқибатида юзага келган кучли сув тошқинидан жабрланганди. Ўшанда камида 1400 киши ҳалок бўлган, юзлаб кишилар ҳамон бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.