2017 йил декабрь ойида KUN.UZ сайтида «Трубада газ бўлсаю, биз совуқда ўтирсак?! – Хонқаликлар дардига ким қулоқ солади?» сарлавҳали мақола эълон қилинган, унда Хоразм вилояти, Хонқа тумани, Сарапаён қишлоғи, «Пахтагул» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқароларни қийнаётган муаммо баён этилганди.

Мурожаатда «Пахтагул» маҳалласи четидаги икки кўча газ таъминотидан узиб қўйилгани, айни ҳолатда олдинги кўчаларга етиб келган газ босими жуда яхши экани, фуқаролар бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат қилганида «газ етиб бориши қийинлиги» туфайли узиб қўйилгани ҳақидаги жавоб қайтаришгани айтилган.

Бу мақола юзасидан, ЎзА сайтида «Нохолис ахборот тарқатишдан мақсад нима?» сарлавҳаси билан муносабат берилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза Раҳимова қуйидаги маълумотларни айтиб ўтган.

«Интернетдаги барча хабарларни асосли ва холис, деб бўлмайди. Ўрганишлар натижасида прокуратура органлари фақат уйдирмадан иборат, миш-мишга асосланган, асоссиз ва нохолис маълумотларни тарқатиш ҳолатлари ҳам борлигини аниқлади.

Масалан, 2017 йил декабрь ойида айрим веб-сайтларда «Трубада газ бўлсаю, биз совуқда ўтирсак?! – Хонқаликлар дардига ким қулоқ солади?» сарлавҳали мақола жойлаштирилганди. Унда Хоразм вилоятининг Хонқа тумани Пахтагул маҳалласидаги икки кўча газ таъминотидан узиб қўйилгани, мутасадди идораларга йўлланган мурожаатлар ўз ечимини топмаётгани қайд этилган.

Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш ва аҳолининг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Хоразм вилояти прокуратураси томонидан ўрганиш ўтказилди. Мақолада келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмади.

Маълум бўлишича, бу маҳалла аҳолисининг аксарияти табиий газдан мунтазам фойдаланади. Фақат 286 хонадонга табиий газ етиб бормаётгани инобатга олиниб, уларга суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилган. Маҳалла аҳолисига куз-қиш мавсумида фойдаланиш учун кўмир ёқилғиси ҳам ажратилган», дейилади мақолада.