Маълумотларга кўра, чилим ва электрон сигарет саратон келтириб чиқарар экан. Жамиятни булғовчи бу каби иллатларни қонун йўли билан “жиловласа” бўлмайдими? Бу ҳақда Milliy tiklanish газетаси мухбири ўз фикрларини билдириб ўтган. 

Дугонам туғилган кунини пойтахтимиздаги ресторанлардан бирида нишонлади. Ҳамма курсдош қизлар йиғилиб, туғилган кунга бордик: кимдир ўғлини, кимдир ҳали мучал ёшини қаршиламаган қизини етаклаб олган. Аввалига ҳаммаси жойида эди. Аммо, сал кейинроқ ресторан йигит ва қизлар (улар орасида ўсмирлар ҳам бор), ўрта ва катта ёшли эркак ва аёллар билан гавжумлашди. Рестораннинг кичик хоналарини эгаллаган ёш йигит-қизлар овқатланишни ҳам четга суриб, тутун буруқсита бошлашди. Шунда кичик меҳмонларимиздан бири “Ойижон, ана улар нима қилишяпти?”, деб сўраб қолди. Суриштирсак, бу сўнгги пайтда урф бўлаётган “замонавий” ҳаёт кечиришнинг янги қилиқларидан – чилим ва электрон сигарет чекилаётган экан…

Орадан анча вақт ўтди, бироқ ўша манзара кўз олдимдан ҳамон кетмайди.

Саволлар ёпирилиб келади: тўрт-беш кишилик зиёфат учун оддий хизматчининг камида бир ойлик маошини тўлаб чиқаётган бу йигит-қизларнинг ота-онаси ҳали талаба фарзандига қандай қилиб шунча пул беряпти? Улар “замонавийлик белгиси” деб биладиган чилим ва электрон сигарет чекишини, ярим тунгача кафе-ресторанларда вақтичоғлик қилишини оила катталари билармикин? Ёки чилим ва электрон сигаретга муккасидан кетиш даражасига бораётган ёшлар унинг зарарли жиҳатларидан бехабарми?..

Ҳа, инсон табиати янгиликка ташна. У хоҳ фойдали, хоҳ зарарли янгилик бўлсин, уни ўз ҳаётида, албатта, қўллаб кўргиси келади. Глобаллашув шиддати онг-қалбимиз ва ҳаётимизда шундай ўзгаришлар содир этмоқдаки, ундаги фойдали жиҳатлардан кўра, зарарлилари тез орада ўз акс таъсирини кўрсатмоқда.

Бироқ статистика барибир қайсар индикатор: БМТ маълумотларига кўра, дунёда кашандалик оқибатида ҳар йили 5,4 миллион, ҳар 6 сонияда 1 киши ҳаётдан кўз юмади. Мутахассисларнинг фикрича, зудлик билан зарур чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб кашандалик ҳар йили 8 миллион кишининг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлади. Дунёда чекувчилар сони бўйича биринчи ўринда Хитой, кейин Ҳиндистон ва Индонезия туради. Чекиш оқибатида келиб чиқадиган йиллик иқтисодий зарар 200 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетмоқда.

Ҳозир кашандаликнинг янги кўринишлари — электрон сигарет ва чилимлар, афсуски, дунё бўйича тамаки чекиш миқдорини кескин оширмоқда. Электрон сигарет ҳам оддий тамакидан фарқ қилмайди, аксинча ундан зарарлироқ. У никотинли картриж, электрон чип, литийли аккумлятор ва миттигина диодли ёритгичдан иборат. Кашанда уни чекканда сигарета ҳидини ҳам, зарарини ҳам сезмайди, ундан фақат сув буғи кўтарилади, холос, деб ўйлайди.