Ижтимоий тармоқларда тарқаган машъум маълумотдан кўпчиликнинг хабари бўлса керак. 12 февраль куни бир неча ахборот нашрларида Марғилон шаҳридаги 2-ётоқхонада яшовчи Дилором Мамирова ўзини осмоқчи бўлгани ва уни қўшнилари қутқариб қолганлиги ҳақида видеолавҳа тарқалди.
Аёлнинг ўз жонига нима сабабдан қасд қилганининг сабабини аниқлаш, бўлиб ўтган воқеага ойдинлик киритиш мақсадида KUN.UZ мухбирлари Марғилон шаҳрига борди.
Интернет саҳифаларида берилган маълумотлардан сўнг ўша ётоқхона ҳақида салбий тушунча шаклланган эди. Бориб, кўриб, шароит билан танишгач, вазият бошқача эканлигини билдик.
Илгари иқтисодиёт коллежи ётоқхонаси бўлган бино ўтган йилнинг декабрь ойида 86 та ногирон ва ногирон фарзандлари бўлган оилаларга яшаш учун хонадон сифатида бўлиб берилган экан.
Тўрт қаватли бино ногиронларга берилишидан олдин, тўла таъмирланган ва хоналарда яшаш учун барча шароитлар яратилибди. Киришдаги фойе, корридор, зинапоялар рисоладагидек. Ҳар бир оила турадиган икки хонали турар жойида санузел, ошхона тўла жиҳозлангани ҳам бор гап. Бир қарашда тураржойда барча қулайликлар яратилган.



Лекин, масканда истиқомат қилаётган оилаларда ҳали ечимини кутаётган муаммолар мавжуд.
Ётоқхона эшиги олдида турган аёл мухбир эканлигимизни билгач, нимагадир кўзига ёш олди. Бу ҳақда эса кейинроқ бафуржа гаплашамиз…
Биз борган пайт ўз жонига қасд қилганлиги ҳақида хабарлар тарқаган Дилором Мамирова яшаш жойида йўқ экан. Бир неча соат кутганимизда ҳам ундан дарак бўлмади.

Бино мутасаддиси Дониёр Тошпўлатовни топгач, у билан биргаликда яшовчилар шароити билан танишдик. Ногирон қиз Мухлиса Тўланова онаси билан истиқомат қилаётган 8- хонадонга кириб, уларни суҳбатини олдик.















