АҚШ президенти Дональд Трамп конгресс томонидан қурол айланмаси назоратини кучайтириш бўйича чоралар, жумладан қурол харид қилаётганларни текширишни кучайтиришни қўллаб-қувватлашга ваъда берди. У бу ҳақда Флоридадаги мактабда оммавий қотиллик содир этилганидан бир ҳафта ўтиб Twitter’даги саҳифасида маълум қилди.
“Мен қурол сотиб олувчининг ўтмишини барча томонлама, айниқса руҳий саломатлигини текшириш бўйича чораларни қўллаб-қувватлайман. Харидорлар ёшини кўтариш ва қаторасига отиш учун қурол сотишни тўхтатиш лозим! Конгресс бу муаммони узил-кесил ҳал қилмоқчи, деб умид қиламан!”, деб айтган Трамп.
Трамп, шунингдек, қуролли ҳужум хавфидан ўқувчиларни ҳимоя қилиш учун махсус ўқитилган ўқитувчиларга қурол бериш ҳақидаги ўз ғоясини қўллаб-қувватлаган. “Агар эҳтимолий савдойи-мерган мактабда қуроли бор ва бир ондаёқ ўт очиши мумкин бўлган кўплаб ўқитувчилар борлигини билса, у ҳеч қачон мактабга ҳужум қилмайди. Қўрқоқлар у ерга бормайдилар ва муаммо ҳал бўлади. Ҳужумкор ёндашув лозим, фақатгина мудофаа ёрдам бермайди”, деб қўшимча қилган Трамп.
19 февралда Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс Трамп АҚШда қурол айланмасини назорат қилишни кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.












