Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича ташаббуслар билан чиқиш, аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб ҳаётий масалаларни чуқур ўрганиш ва ҳал этишда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, партия гуруҳлари фаоллиги муҳим ўрин тутади, деб ёзмоқда "Миллий тикланиш" газетаси.
Халқ депутатлари Наманган вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатлар ҳам ўз ваколатларидан тўлақонли ва унумли фойдаланишга интилиб, мавжуд масала-муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Қайд этилишича, 2017 йилда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари қонун ва ҳукумат қарорларининг жойлардаги ижроси ҳамда фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида 338 депутатлик сўровини амалга оширди. Халқ депутатлари Наманган шаҳар, Чортоқ, Чуст, Уйчи, Учқўрғон, Наманган туман Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари депутатлик сўровларини амалга оширишда фаоллик кўрсатган бўлса, Косонсой, Норин, Тўрақўрғон, Поп ва Мингбулоқ туман Кенгашларидаги айрим депутатлар фаолиятида сусткашлик кўзга ташланган: улар ўз ваколатларидан унумли фойдалана олмаган.
Ўтган йил давомида 33 депутатлик сўровига айрим корхона, ташкилот ва муассасалар мутасаддиларининг масъулиятсизлиги натижасида жавоб қайтарилмаган. Маълумки, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8-моддасига асосан депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутатлик сўрови юборишга ҳақли. Қолаверса, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим. Аммо ўз ишига совуққонлик билан қараётган, халқ вакиллари кўтариб чиқаётган долзарб масалаларнинг ечимига етарли даражада аҳамият бермаётган бефарқ, лоқайд мутасаддилар ҳамон учраб турибди.
Масалан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, ЎзМТДП гуруҳи раҳбари Одилжон Маматкаримовнинг 2017 йил 30 май куни вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи номига йўллаган сўровига ҳануз жавоб олингани йўқ. Мазкур сўровда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2016 йил 29 декабрда қабул қилинган “Наманган вилоятида жамоат жойлари, оммавий ахборот воситаларида ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларига амал қилинишининг мониторинги натижалари тўғрисида”ги қарорини чуқур ўрганиб, ижросини таъминлаш, мониторинг давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш зарурлиги қайд этилган эди.











