Жаҳон | 10:57 / 06.03.2018
12735
2 дақиқада ўқилади

Арнольд Шварценеггер “Терминатор”нинг янги қисми қачон суратга олинишини ошкор қилди

Фото: © Flickr/Gage Skidmore

Машҳур актёр Арнольд Шварценеггер “Терминатор” фильмининг навбатдаги – 6-қисми суратга олиш ишлари 2018 йил июнда бошланишини маълум қилди. 

Суратга олиш ишлари ушбу фильмнинг сўнгги қисми “Терминатор: Генезис” экранларга чиққанининг 3 йиллиги арафасида бошланади. Шварценеггернинг айтишича, у ўзининг энг машҳур ролларидан бирига қайтади. 

“Биз “Терминатор-6”ни июнда суратга олишни бошлаймиз ва октябрь ўрталарида тугатамиз. Мен унда роль ижро этаман. Ўз ролимга қайтишни сабрсизлик билан кутмоқдаман”, деб айтган актёр.

Шварценеггер режиссёр Тим Миллер ва суратга олишни назорат қилувчи Жеймс Кэмерон билан барчаси аъло даражада бўлишини айтди. Миллер “Дэдпул” фильмини суратга олган.

Ушбу “Терминатор” янги трилогияга старт беради ва “Терминатор-2”нинг ундан кейин чиққан 3 қисмни ҳисобга олмаган ҳолдаги тўлақонли давоми бўлади.

Янги қисмда ҳам Сара Коннор ролини “Терминатор” ва “Терминатор-2” фильмларида ушбу ролни ижро этган актриса Линда Хэмилтон ўйнайди. Фильм премьераси 2019 йил 26 июлга белгиланган.

Мавзуга оид