Бенямин Нетаняҳунинг Абу-Дабига дастлаб ошкор қилинмаган ташрифи ортидан унинг асл мақсади юзасидан турли хабарлар пайдо бўлди. Учрашувда Эрон ва ҳусийчилар таҳдиди, Исроил ва БАА ўртасидаги хавфсизлик ҳамкорлиги ҳамда разведка маълумотлари алмашинуви муҳокама қилингани айтилмоқда. Шунингдек музокараларда Саудия Арабистони вакили қатнашгани ҳақидаги хабарлар ҳам эътибор тортди. Нетаняҳунинг ташрифи Исроилда яқинлашаётган сайловлар фонида ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида айни шу масалалар муҳокама қилинди.
Нетаняҳунинг Абу-Дабига навбатдаги махфий ташрифи ортида қандай масалалар турибди?
Фарҳод Каримов: Ҳозир Исроилдаги ва халқаро оммавий ахборот воситаларида шу каби воқеалар кенг ёритилмоқда. Бундан Бенямин Нетаняҳуга қарши бўлган сиёсий гуруҳлар ҳам фаол фойдаланмоқда. Хусусан, улар Нетаняҳунинг 7 октябр воқеаларидан олдиндан хабардор бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни кенг тарқатмоқда. Нетаняҳу бу даъволарни рад этиб, бундай хабарларни тарқатаётганларни судга беришини билдирган. Бироқ масаланинг яна бир томони бор. Бирлашган Араб Амирликлари раҳбари ҳам бу маълумотларни қатъиян инкор этмаётгани ҳақидаги хабарлар вазиятга қўшимча тус бермоқда.
Тарқатилайотган маълумотларга кўра, 2023 йил 7 октябр куни Ҳамаснинг Исроилга ҳужуми содир бўлишидан камида ўн кун олдин БАА президенти телефон орқали Нетаняҳу билан боғланиб, ҳужум эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган. Агар бу маълумотлар тасдиқланса, Абу-Дабидаги учрашувнинг сиёсий аҳамияти ва атрофидаги саволлар янада кучаяди. Бу ҳақда нуфузли нашрлар ва бошқа журналистлар ҳам ёзмоқда. Айрим материалларда бу хабарларнинг ишончлилигига ишора қилувчи маълумотлар келтирилган. Ташрифнинг яна бир эҳтимолий сабаби — Исроилда яқинлашаётган парламент сайловлари. Агар Нетаняҳу 7 октябр ҳужумидан олдиндан хабардор бўлган деган даъволар жамоатчилик орасида кучайса, бу унинг сиёсий мавқеига таъсир қилиши мумкин.
Шу сабабли Абу-Дабидаги учрашувда мазкур маълумотларнинг тарқалишини тўхтатиш ёки бу масалани ёпиш ҳақида гап бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар пайдо бўлмоқда. Бунга билвосита далил сифатида ўша даврда Бирлашган Араб Амирликларига турли давлатлардан келган самолётлар ҳам тилга олинмоқда. Айрим ҳарбий тадқиқот институтлари маълумотларига кўра, Саудия Арабистони, Қатар, Миср ва бошқа давлатларга тегишли ҳарбий ёки юк самолётлари ҳам айни даврда Абу-Дабига парвоз қилган. Агар бу маълумотлар тасдиқланса, ўша кунларда Абу-Дабида муайян сиёсий учрашувлар бўлиб ўтган бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, Нетаняҳунинг ташрифини сайловолди жараёни ва унинг сиёсий мавқеини сақлаб қолиш ҳаракатлари билан боғлаётган қарашлар мавжуд.






