2 октябрь куни Ўзбекистонда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифатини яхшилаш ҳамда «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутасаддилар иштирок этди.

Анжуманда ҳаво сифати кескин ёмонлашган ҳудудларда онлайн мониторинг маълумотлари асосида қандай чоралар кўрилиши, шунингдек, Жаҳон банки тадқиқотларидаги кўрсаткичларга қарамай, «Тоза ҳаво» доирасида автомобилларга нега алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳамда чанг ва иситиш тизимлари бўйича қандай амалий чоралар кўрилаётгани ҳақида саволлар берилди.

Гидрометеорология илмий тадқиқот институти директори Дониёр Турғуновнинг айтишича, онлайн платформа орқали ҳаво сифатининг айни пайтдаги ҳолатини кузатиш билан бирга, яқин 1–3 кун учун прогнозлар ҳам шакллантирилади. Ҳаво ифлосланиши «тўқ сариқ», «қизил» ёки «бинафша» даражага етиб, ҳолат камида бир кун давом этиши прогноз қилинса, тезкор чоралар кўрилади.

«Онлайн платформамиз реал вақт режимидаги вазиятни кўриш ва ҳаво ифлосланиши бўйича прогноз бериш имконини яратади. Реал ҳолат ва прогнозлардан келиб чиқиб, кейинги 1–3 кун учун режаларимиз ва тезкор чораларимиз мавжуд. Агар ҳаво ифлосланиши тўқ сариқ, қизил ёки бинафша даражага чиқиб, бир кун давом этиши прогноз қилинса, ҳамкорликда тегишли чоралар кўрилади», — деди Дониёр Турғунов.

Унинг таъкидлашича, бундай ҳолатда аввало махсус лабораториялар, «Ўзгидромет»нинг мобил лабораториялари ҳамда Миллий экология қўмитаси лабораториялари ҳудудга юборилади. Улар ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва ўрганиш бўйича текширув ўтказади.

Агар ҳавонинг юқори даражада ифлосланишига сабаб бўлаётган манбалар аниқланса, экологик назорат ходимлари томонидан тезкор чоралар кўрилади. Зарур ҳолларда ифлосланишга сабаб бўлаётган фаолиятни вақтинча тўхтатишгача бўлган чоралар қўлланиши мумкин.

Матбуот анжуманида йирик корхоналарда автоматик экологик мониторинг станцияларини ўрнатиш ва уларни Миллий мониторинг марказига интеграция қилиш талаби ҳам муҳокама қилинди.

Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси Экополиция бошқарма бошлиғи Нодирбек Жамбурбоев маълум қилишича, Президент қарори билан I ва II тоифадаги объектларни автоматик мониторинг тизимига интеграция қилиш белгиланган. Бу талабларни бажармаган корхоналар учун молиявий чоралар ҳам назарда тутилган.