Касби туманида 4 ёшли қизалоқ ўгай онасининг калтаклаши оқибатида жиддий жароҳатланиб, вафот этди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилинишича, 32 ёшли И.С. турмуш ўртоғи Н.А. билан ўзаро низолашиб, унинг 2022 йилда туғилган қизини урган. Оқибатда қизалоқ бош қисмидан жиддий жароҳатланган. Соғлиги кескин ёмонлашган бола шу куннинг ўзида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 8-қисми “г” банди (оилавий зўравонлик жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. И.С. гумонланувчи тариқасида процессуал тарзда ушланган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани мазкур жиноят иши юритуви устидан ўз кузатувини давом эттиришини, ҳолат юзасидан қўшимча тарзда ахборот тақдим этилишини билдирган.
Маълумот учун, Жиноят кодексида бундай қилмишга 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланган.








