Қўшработ туманида маҳалла раиси шилқимлик ҳаракати учун маъмурий жазога тортилди. Kun.uz суд қарори билан танишди.

Суд ҳужжатига кўра, Қўшработ туманидаги Катта Оқмачит маҳалласи раиси 42 ёшли У.Ч. ҳудудда яшовчи аёлга шаҳвоний шилқимлик қилган. У аёлга Telegram орқали ёзиб, жинсий алоқа таклиф этган. Шунингдек, уятли видеоларни жўнатган. 

У.Ч. судда айбига иқрорлик билдирмаган. У бу ҳаракатларни телефонидаги бегона рақам кимлигини билиш учун турмуш ўртоғи содир этганини айтган.

Жабрланувчи аёл эса маҳалла раисига қонуний чора кўришни сўраган.

“Турмуш ўртоғим билан ўзаро келишмовчилик сабабли ота уйимга кетдим. Қайнонам, маҳалла раиси У.Ч. ҳамда маҳалла хотин-қизлар фаоли келиб, бизни яраштирмоқчи бўлди. Мени яшаш уйимга олиб кетишди. Ўша вақтда маҳалла раиси менинг телефон рақамимни олиб кетди. Шундан буён тинч қўймасдан, менга ишқий муносабатда бўлишни таклиф қилди. Бир неча маротаба Telegram орқали порнографик видеоларни ташлади. Шу сабабли оилам бузилиб кетиши мумкин”, деган аёл суддаги кўрсатмасида.

Суд қарори билан У.Ч. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик қилиш) ҳамда 189-моддаси (порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилди. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.