Жамият | 13:10 / 18.03.2018
9355
3 дақиқада ўқилади

Оҳангарон ва Қибрайда гиёҳванд моддалари савдоси билан шуғулланган шахслар ушланди

Оҳангарон шаҳрида гиёҳванд моддасини сотиб фойда кўрмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда Тошкент вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Оҳангарон шаҳрида яшовчи 1989 йилда туғилган Б.Тошметованинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) Оҳангарон шаҳар ИИб бошлиғи номига «Сардор» исмли шахс гиёҳвандлик моддасини сотиш билан шуғулланаётгани хақидаги аризасига асосан ўтказилган тезкор-тадбир давомида 2018 йилнинг 12 март куни соат 12.00да Оҳангарон шаҳар, Ф.Хўжаев кўчаси, 72-уй олдида оҳангаронлик Сардор Юсупов бир дона гугурт қутисига солинган 4,5 грамм миқдоридаги «марихуана» гиёҳванд моддасини Б.Тошметовага 300.000 сўм эвазига сотган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, холислар иштирокида гиёҳвандлик моддаси расмийлаштириб олинган.

Оҳангарон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан С.Юсуповга нисбатан жиноят кодексининг 273-моддаси
2-қисми (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни озгинадан кўпроқ миқдорда қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жиноятни очиш учун фаол ёрдам берган фуқаролар ёрдами билан гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказмоқчи бўлган шахслар қўлга олинган.

Тошкент вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси хабарида қайд этилишича, 12 март куни Қибрай туман ИИБга гиёҳвандлик воситаларини сотиш билан шуғулланувчи шахсларга қонуний чора кўриш сўралган ариза келиб тушган. Унда Чирчиқ шаҳрида яшовчи А.Қодиров (келтирилган исм-шарифлар ўзгартирилган) ва Қибрай туманида яшовчи муқаддам судланган, 1977 йилда туғилган М.Ахматов Чирчиқ шаҳар, Конструкорлар даҳасида жойлашган А.Қодировга тегишли гаражда «Жамшид» исмли шахсга 500.000 сўм эвазига оқ қоғозга ўралган 2,9 грамм миқдоридаги «марихуана» гиёҳванд моддасини сотган вақтида Қибрай туман ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, холислар иштирокида гиёҳвандлик воситаси расмийлаштириб олинган.

Қибрай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ушбу шахсларга нисбатан жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми «б» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, суднинг ҳукми билан жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топилган судланувчиларга 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Мавзуга оид