Жамият | 09:05
939
2 дақиқада ўқилади

Марихуана, героин ва юзлаб туп каннабис: республика бўйлаб рейдлар натижаси

ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида республика бўйлаб гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ўтказилган тезкор тадбирларда марихуана, героин ҳамда юзлаб туп каннабис ўсимликлари аниқланди. Ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Наманган вилояти Норин туманида истиқомат қилувчи 1961 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, у келгусида сотиш мақсадида сақлаб келган 1 килограмм 595 грамм «марихуана» гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1973 йилда туғилган шахс ўзига тегишли қўшимча томорқада сотиш мақсадида 839 туп каннабис ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётгани маълум бўлди.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи 1995 йилда туғилган шахс эса Тойлоқ тумани ҳудудида автомашинада ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилиб текширилганда, ундан 20 грамм «героин» моддаси ашёвий далил сифатида олинди.

Хоразм вилоятида қайд этилган ҳолатда, Қўшкўпир туманида яшовчи 1962 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс 36 туп каннабис ўсимлигини етиштираётгани аниқланди.

Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи 1973 йилда туғилган, муқаддам шу турдаги жиноят учун судланган фуқаро ҳам ўз ҳовлисида ташкил этилган иссиқхонада 22 туп каннабис ўсимлигини парваришлаётганлиги маълум бўлди.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи 1965 йилда туғилган шахс эса ўз томорқасида 10 туп каннабис ўсимлигини парваришлаб келгани аниқланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ фуқаролардан гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолатларга дуч келган тақдирда, идоранing 1520 қисқа рақамига мурожаат қилишни сўради. Қайд этилишича, мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид